00:18 / 07.06.2020
4917

ОПЕК+ мамлакатлари нефть қазиб олишни қисқартириш тўғрисидаги шартномани июль охиригача узайтирди

Март ойи бошларида ОПЕК иштирокчилари ва унинг ҳамкорлари Венадаги учрашувда нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартиришга келиша олмаганди. Бу эса нефтнинг кейинги 18 йилдаги энг паст нархга тушиб кетишига олиб келди.

Фото: Global Look Press/Daniel Radicevic/imagebroker

Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти (ОПЕК) ва унинг ҳамкорлари нефть қазиб олишни қисқартириш тўғрисидаги шартномани узайтиришга  келишиб олди. 

Суткасига 9,7 миллион баррелга қисқартириш тўғрисидаги мавжуд шартнома июль охиригача ўз кучида қолади, деб маълум қилди Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва саноат вазири Суҳайл ал-Мазруий ўзининг Twitter саҳифасида. 

У мазкур келишувни "жасурона қарор" ва "келишувнинг барча иштирокчилари олқишига сазовор бўладиган жамоавий ҳаракат" деб атади ҳамда Саудия Арабистони ва Россиядаги ҳамкасбларига алоҳида миннатдорлик билдирди.

Март ойи бошларида ОПЕК иштирокчилари ва унинг ҳамкорлари Венадаги учрашувда нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартиришга келиша олмаганди. Бу эса нефтнинг кейинги 18 йилдаги энг паст нархга тушиб кетишига олиб келди. Унинг нархига COVID-19 пандемияси ҳам таъсир кўрсатди.

Аммо апрелда ОПЕК+ мамлакатлари май ва июнь ойларида нефть қазиб олишни қисқартириш бўйича ўз тарихидаги энг йирик шартномани имзолади

Top