10:44 / 10.06.2020
25672

«Аввал у Korzinka.uz бўлмаган». Зафар Ҳошимов супермаркетлар номи ҳақида гапирди

Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов бизнес, илк дўконининг очилиши ва чакана савдода муваффақият сирлари ҳақида гапириб берди. У Kun.uz'га берган интервьюсида 20 йилдан ортиқ вақт давомида савдо соҳасида кузатганлари билан ўртоқлашган.

Суҳбат давомида тадбиркор супермаркетлар тармоғига қўйилган номнинг тарихини ҳам эслаб ўтган.

«Биринчи дўконни очишдан аввал, инглиз журналида эълон бергандим: Ўрта Осиёда очилаётган янги супермаркет учун мутахассис бошловчи керак. Эълон бўйича 20тага яқин ариза тушди. Англиядаги ҳамкорларим уларни текшириб берди. Шундай қилиб, аризалар сони 3тага туширилди. Ўзим бориб, уч нафар номзод билан суҳбат ўтказганман. Чакана савдо, хусусан озиқ-овқат савдосида билимга эга, айни пайтда нафақада бўлган Жон Эрнер билан ишлашга қарор қилдим.

Мен Брайтон шаҳрида таҳсил олганман, шунинг учун дўконни Брайтон, деб номлашни таклиф қилдим. Жон айтдики, пост Совет мамлакатлардан чиқиб, АҚШга борганлар Брайтон-Бичда яшайди. Шунинг учун, бизнесингни американча ном билан адаштириб қўйишади, дея фикр билдирди. Унинг таклифига кўра, Британияда қишлоқ хўжалиги ва денгиз маҳсулотлари билан бутун Европага ном таратган Angelsey ороли шарафига дўконимни шундай номладик», – дейди у.

Ҳошимовнинг хотирлашича, 96 йилларда ҳали Google қидирув тизими йўқ, унинг ўрнига китобга ўхшаш YellowPages каталоги бўлган.

«Тағин, ўша каталогда A ҳарфи B дан олдин келади, деди. Супермаркетлар саҳифасида Angelsey Food биринчи кўринади, дея маслаҳат берди.

Аввал, дўконлар номи ҳам Angelsey Food дея номланган. Шу номни Тошкент шаҳридаги Angelʼs Food овқатланиш жойи билан кўп адаштирган. Ҳамма истаганча талаффуз этган. Кимдир денгиз маҳсулотлари қани, деб дўкон номини sea food (денгиз овқатлари) атаган. Ҳар ким ўзича талқин қилган, тўғриси ном билан қийналдик. 2004 йилга келиб, дўконлар сонини кўпайтирмай, мавжуд дўконлар билан бутун шаҳарга хизмат кўрсатиш ҳақида ўйлай бошладим. Энди интернет кириб келяпти, биз биринчи онлайн дўкон очиб, бутун шаҳарни эгаллайман, деган амбициоз мақсадлар бўлган», – дея сўзида давом этган у.

Зафар Ҳошимовнинг айтишича, Angelsey Food номини интернетда ёзиб чиқиш фойдаланувчи учун сал қийин бўлишини ўйлаб, онлайн дўконга бошқа ном қидирилган.

«Бизнинг назаримизда онлайнга бошқа ном билан кириб бориш керак эди. Ном топишда URA маркетинг компанияси биз билан ҳамкорлик қилди. Улар Korzina.uz'ни таклиф қилган. У пайтда фойдаланишдаги кўплаб шахсий компьютерда кераксиз маълумотлар ташланадиган қути Корзина эди. Онлайн дўкон номи бошқача талқин этилиши мумкин, дея ўйладим. Маркетологлар эса мевалар солинадиган саватни назарда тутиб, логотиплар ҳам тайёрлаган экан. Шунда Корзина эмас, номни Korzinka'га айлантиришни таклиф қилдим.

Кўпинча супермаркет номи нега рус тилида дейишади. У пайт, тўғриси, режалар амбициоз эди. Онлайн дўкон ривожланса, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон бозорига ҳам кириб боришни ўйлагандим. Ўзбекча ном билан бошқа бозорларга кириб бориш қийин бўлади, деб ўйлагандим», – дейди чакана савдо ишбилармони.

Унинг таъкидича, кейинги масала: онлайн дўкон номини реклама қилиш керак эди. Кўчаларда билбордлар кам ва қиммат бўлган. Чорраҳаларда баннерлар кўп бўлган.

«Ўша пайтда реклама учун 20 минг доллар сарфлаб, кўп пул сарфлагандек бўлдим. Кейин ўйладимки, шаҳарда 4-5та дўконим бор, уларнинг қиёфасида нега рекламани жойлаштирмасдан, одамлар талаффуз этишга қийналаётган ном турибди? Шундай қилиб, Angelsey Food номлари ўрнига Корзинка номи илинди. Ўз дўконингизга илинган реклама учун пул тўланмасди. Ундан фаол фойдаланишни бошладик. Шундай қилиб, Korzinka.uz бўлиб кетди», – дея хотирлаган дўкон номланишини у.

Зафар Ҳошимов суҳбат давомида супермаркетлар тармоғи ўтган давр ичида бозорда мустаҳкам ўрин эгаллаши, нақдсиз ва онлайн савдодаги тажрибасини эслаб, ҳаётий воқеаларни гапириб берган. Шунингдек, у маркетлар қурилишида маданиятларнинг фарқи, қийинчилик ва рекламадан фойдаланиш тажрибасини эслаган.

Зафар Ҳошимовга кўра, валютанинг ўзбек сўмига эркин конвертацияси бўлмаган пайтларда чакана савдосининг муаммолари бирмунча фарқли эди. Бундан ташқари, суҳбат давомида тадбиркор кўп муҳокамага сабаб бўладиган ритейл ва ишлаб чиқарувчи муносабатларига изоҳ берди.

Интервьюни Youtube орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.
Тасвирчи Отахон Юсупов

Top