Тадбиркор Зафар Ҳошимов Facebook'даги саҳифасида эълон қилган мақоласида жаҳондаги беқарорликнинг миллий иқтисодиётга оқибатларини юмшатиш учун ҳукуматни протекционизм сиёсатидан воз кечиб, импортга тўсиқларни олиб ташлашга чақирди. Kun.uz мазкур мақолани ўзбек тилига ўгирди.

Украинадаги урушнинг биринчи ҳафталарида урушнинг истеъмол бозоримиз учун эҳтимолий оқибатлари ҳақида ёзгандим. Тўрт ой ўтгач, кичик апдейт қилиш вақти келди.

Ўшанда ёзган постимни Украинадаги уруш Ўзбекистонга бир қанча қийинчиликлар туғдиради, деб бошлагандим. Бунга шуни қўшимча қилиш керакки, урушнинг дастлабки кунларида бўлганидек келажакка нисбатан катта ноаниқликлар ҳали ҳам сақланиб турибди.

Ўтган ойлар давомида Россиянинг ҳарбий машинаси, афтидан, Украинанинг жануби ва шарқида мустаҳкам ўрнашиб олди; бутун прогрессив дунё эса украиналикларга инсонпарварлик, пул ва қурол-яроғ билан фаол ёрдам беряпти; ва эндиликда уруш катта эҳтимол билан узоқ вақт давом этиши борган сари ойдинлашяпти. Уруш давом этаркан, санкциялар, тақиқлар ва турли чекловлар ҳам сақланиб қолади. Бу шароитнинг барча ёқимсиз иқтисодий оқибатлари бизга у ёки бу даражада таъсир қилади ва бу таъсир ҳам тез орада йўқолиб кетмайди.

Жаҳонда бирорта ҳам халқаро иқтисодий мактаб, бирорта ҳам халқаро ташкилот йўқки, глобал нархлар ошиши, инфляция, энергетика ва озиқ-овқат етишмовчилиги, баъзи жойларда эса кучли танқислик ва очликни башорат қилмаган бўлса. Бу башоратларнинг баъзилари аллақачон дунёнинг бир қатор мамлакатлари истеъмол бозорларини қамраб ола бошлади. Бу оқибатлар, албатта, яқин келажакда янада кучаяди.

Бу ҳолат, афсуски, бизнинг минтақамиз учун ҳам оғир оқибатларни келтириб чиқаради. Негаки мамлакатимизда аҳолининг умумий даромадлари унчалик юқори эмас. Қолаверса, Россия – бизнинг энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкоримиз ҳамда бизга келувчи транспорт-логистика коридорларининг аксарияти айнан Россия орқали ўтади, бу мамлакат эса, кўриниб турибдики, тобора кўпроқ изоляцияга тушиб қолмоқда.

Кўплаб йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг Россиядан чиқиб кетиши, бошқа корхоналарнинг қисқариши ва ишлаб чиқаришни тўхтатиши, етказиб бериш занжирларининг узилиши, хомашё ва бутловчи қисмлар етишмаслиги, банк секторига киритилган санкцияларнинг таъсири, валюта чекловлари ва пул ўтказмалари тизимларидаги тўсиқлар – буларнинг барчаси кундалик ҳаётимизга эндигина салбий таъсирини кўрсата бошлаяпти.

Санаб ўтилганлар қаторига транспорт блокадасини ҳам қўшинг: Россия кемалари ва юк машиналари хорижий портлар ва йўлларга қўйилмаяпти, бунга жавобан Россия ҳам ўз ҳудудида Европа транспортининг ҳаракатланишини чеклаяпти, бир қатор йирик логистика компаниялари юкларни Россия ҳудуди ва портларига ёки Россия ҳудуди ва портлари орқали ташишдан бош тортяпти. Буларнинг барчаси – бизнинг ҳам истеъмол бозоримизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муаммоларнинг энг кўзга кўринарли қисмлари холос.