22:16 / 11.06.2020
20358

«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳасида нима учун мансабдорларга истиснолар белгиланганига изоҳ берилди

Адлия вазири ўринбосари Баҳром Қўчқоров 11 июнь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасида бош вазир, ҳукумат аъзолари, депутатлар ва бошқа юқори мансабли давлат хизматчиларига нисбатан нима учун истиснолар белгиланганига тўхталиб ўтди.

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаларга сабаб бўладиган айрим жиҳатларига тўхталиб ўтадиган бўлсак, 3-моддасида: “Айрим тоифадаги давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми хусусиятларидан келиб чиқиб, қонун нормаларига тўлиқ ва қисман амал этилмаслиги белгилаб берилган”. Бу жуда қизиқ муҳокамаларга сабаб бўлди. “Бу тоифалар ким? Нимага бу ерда татбиқ қилинмайди?” дейиляпти. Бунинг сабаби бор.

Агар халқаро тажрибани оладиган бўлсак, қонуннинг номидан келиб чиқсак, яъни “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида” фуқаролик деган сўз турибди. Давлат хизмати бу – кенг қамровли тушунча. Лекин давлат фуқаролик хизмати бу – бошқа хизмат. Яъни профессионал давлат хизмати.

Бутун дунё тажрибаси, умумэътироф этилган қоидага асосан бошқа давлатларда ҳам давлат хизмати иккита тоифага бўлинади. Бу ўша биз айтган давлат фуқаролик хизмати ва сиёсий хизматчилар.

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасида мана шу 3-моддада истисно қилинган тоифа бу – сиёсий хизматчилар ҳисобланади. Депутатларимиз, судьялар, яъни уларни тайинлаш, мажбурияти, юклатилган вазифани амалга ошириш қонун, тартиб-талаблари умуман бошқача. Фуқаролик хизматиники бошқача.

Давлат фуқаролик хизматининг асосий устувор йўналишларидан бири бу – меритократия. Иккинчиси бу – карьера модели. Қонун талабларини судьяга, депутатларга татбиқ қилолмаймиз. Танлов асосида жойлашимиз керак.

Депутат сайланади, депутат – халқ вакили. Депутатга нисбатан аттестация қилиш, карьера, ўсиш деган нарса йўқ. У бошқача мавқега эга. У давлат хизматида алоҳида категория ҳисобланади.

Судьялар ҳам бошқа категория. Биз қонунни тўлиқ татбиқ қилолмаймиз. Бу ерда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, мудофаа ва бошқа органлар деб айтилган модда бор. Улар алоҳида қонун билан тартибга солинади. Сабаби, уларнинг мақоми, ваколати бошқача. Уларни тартибга солиш бошқача бўлади. 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонида ҳам Кучлардаги ҳарбий хизмат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги хизмат давлатнинг махсус хизмати ҳисобланади ва алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниши белгилаб қўйилган. Бу бўйича алоҳида қонунларимиз бор. Ўша қонунлар билан бундай тоифадаги давлат хизматчиларининг ҳуқуқлари, мақоми тартибга солинади”, деди Баҳром Қўчқоров.

Баҳром Қўчқоров

Унинг таъкидлашича, бош вазир, Вазирлар Маҳқамаси аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва аъзолари, ҳокимларнинг ҳуқуқий мақоми Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Қорақалпоғистон Республикаси конституцияси ва бошқа қонунлари билан белгиланади, шу боис “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун бунгача қабул қилинган қонун ҳужжатлари томонидан тартибга солинмаган қисмларга нисбатан қўлланилиши белгиланган.

“Яъни лойиҳада тўлиқ истисно берилмаган. Айнан Конституция, Вазирлар Маҳкамаси тўғрисидаги қонун билан бошқа қоида назарда тутилган бўлса, ўша қонунлар қўлланилади. Агар назарда тутилмаган бўлса, мана шу қонун уларга татбиқ қилинади.

3-модда нимага айрим давлат хизматчиларига татбиқ қилинмайди деб кўпчилик эътироз билдирган. Айтиб ўтишимиз керак, қонуннинг 18-моддаси бор. Шу моддада давлат фуқаролик хизматчилари даромади ва мол-мулки тўғрисида декларация топшириши белгиланган. Агар уни ҳам ўқийдиган бўлсак, 1-моддасида ёзилган: декларация топшириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб билан амалга оширилади. Бу умумий қоида сифатида қонун лойиҳасида турибди. Бу алоҳида тартибга солинадиган масала.

Декларация бўйича президентимиз фармонларида умумий давлат хизматчиларини мол-мулки ва даромадини декларация қилишни жорий қилиш бўйича топшириқ бор. Алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишланяпти. Мана шу билан тартибга солинади.

Умуман олганда, бу қонун лойиҳасини ишлаётганимизда халқаро экспертлар ҳам кўп тавсия берган. Улар мана шу декларация қилиш тартибини алоҳида қонун билан белгилаш ёки бу нарса коррупция қарши курашиш тўғрисидаги қонунларда аксини топиши кераклигини тавсия қилишган.

Лойиҳани кўздан кечирган бўлсангиз, бу ерда декларация масаласи қисман ёритилган. Бу ерда декларация тартиби йўқ. Чунки у – алоҳида процедура, алоҳида жараён. У ҳаммага татбиқ қилинади, у бир хил нарса. Бу фуқаролик хизматчисига бошқача, унисига бошқа эмас. Бу коррупцияга қарши курашиш тизимининг алоҳида элементи ҳисобланади. Шунинг учун бу ерда қисман акс эттириб кетилган.

Мисол учун, бизда бошқа қонунчилик нуқтаи назаридан қиёслаш бўладиган бўлса, мана, Ер кодексимиз бор. Кодекс буларнинг ҳаммасини кодефикация қилиб, тизимлаштириб, ҳамма ер масалаларини шу ерга олиши керак. Лекин ўша ерда ер солиғини тўлаш тартиби белгиланмаган. У Солиқ кодексимизда бўляпти. Нимага? Солиқ масалалари битта тизим.

Шу нуқтаи назардан қонунчилигимизнинг принциплари бор. Биринчиси, қонун тўғридан-тўғри амал қилиши керак деган принцип бор. Иккинчиси, бошқа қонун ҳужжатлари билан ҳам уйғун бўлиши керак. Биз бу ерга ҳамма нарсани олиб келолмаймиз. Буни тўғри тушунишимиз керак. Шунинг учун ҳам бошқа қонунчилик билан тартибга солинадиган айрим масалалар бор. Лекин давлат хизматчисига тааллуқли қисми бор”, деди адлия вазири ўринбосари.

Баҳром Қўчқоров, шунингдек, давлат хизматчиларининг тоифалари, улар ўртасидаги тафовут ҳақида ҳам маълумот берди.

“Категория, тоифаларга тўхталадиган бўлсак, бу бутун дунёда тан олинган тизим. Яъни сиёсий хизматчи ёки фуқаролик хизматчи дейилади. Сиёсий хизматчилар конституция ва бошқа қонунчилик билан тартибга солинадиган, уларнинг вазифалари бошқа қонунлар билан белгилаб берилган бўлади. Мисол учун, оддий Меҳнат кодекси билан сиёсий хизматчиларни ишдан олиш тартиби татбиқ қилинмайди.

Ҳаттоки Меҳнат кодексида ҳам истисно қилиб кетилган: давлат хизмати учун алоҳида қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб жорий қилинади. Сабаби, сиёсий хизматчи деганларимиз, депутатлармиз бўладими, судьялар ёки ҳукумат вакиллари бўладими ҳозир қанақа тартибда тайинланяпти? Яъни бош вазир парламентдан ўтади. Ҳукумат аъзолари вазирлар ҳам парламентдан ўтади. Сиёсий партия вакиллари овоз берганидан кейин фракциялардан ўтиб, кейин парламентга чиқиб овоз олганидан кейин тайинланади. Буларга нисбатан Давлат фуқаролик хизмати қонунини тўлиқ татбиқ қила олмаймиз.

Агар айрим ҳукумат аъзосига нисбатан эътироз бўладиган бўлса, уни ишдан олиш тартиби ҳам бошқача. Бу қонунда белгиланган кафолатлар уларга татбиқ қилинмайди. Агар парламент томонидан ҳукуматга эътироз бўладиган бўлса, ҳукумат кетиши керак. Ўша эътироз асосида ва давлат хизмати тўғрисидаги кафолатлар у ерда белгиланмаган. Чунки улар сиёсий нуқтаи назардан тайинланган мансабдор шахслар ҳисобланади. Уларнинг мақсади сиёсий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш. Шунинг учун биз буни тўғри тушунишимиз керак.

Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилди. Кўп таклифлар келиб тушди. Мана шу таклифлар қонун лойиҳасини тегишли эксперт гуруҳлари билан биргаликда қайта ишлашга асос бўлади. Бу қонун лойиҳаси бўйича муҳокамамиз ҳали давом этади. Жамоатчилик фикрини олгандан кейин экспертлар даражасида, идоралараро даражада муҳокамалар яна давом этади. Жамоатчилик иштироки билан ҳам муҳокамалар давом этади.

Яна таклифлар берилган. Мисол учун, яқин қариндош бўлган давлат хизматчиларининг битта муассаса ёки давлат ташкилотида хизмат қилиши. Бу норма ҳам қайта кўриб чиқилади. Бундан ташқари, хориж банкларида ҳисоб рақамини юритишни ҳам қайта кўриб чиқамиз. Бу қонун лойиҳаси бўйича айрим эътирозлар бўлган. Бу давлат хизматчиларининг қимматли қоғозлар олиши. Бу халқаро тажрибага зид эмас, лекин бу норма ҳам қайта кўриб чиқилади”, деди у.

Top