18:17 / 14.06.2020
65219

ИИВ Андижонда қийноққа солинган фуқаро вафоти бўйича муносабат билдирди. Беш киши ишдан олинган

Андижонда ИИБ биносида фуқаронинг калтакланишига алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олинган уч нафар ИИБ ходими ва яна икки раҳбар ходим - Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи подполковник С.Усманов ва Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник П.Мамажонов лавозимидан озод этилди. Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 14 июнь куни ушбу ходимларни ишдан олиш тўғрисидаги буйруғини имзолаган.

«Жорий йилнинг 30 май куни Андижон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сонли ички ишлар бўлими ходимлари томонидан, иш юритувидаги ариза юзасидан ички ишлар бўлимига олиб келинган фуқаро А.Абдукаримов Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилган ва врачлар томонидан кўздан кечириш давомида унинг баданида оғир тан жароҳатлари мавжудлиги аниқланган. Унга шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилган бўлишига қарамасдан, А.Абдукаримов 11 июнь куни вафот этган.

Ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, уч нафар ички ишлар органлари ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206, 234 ва 235-моддалари билан айб эълон қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича прокуратура органлари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушбу фуқарога нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги, ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги тергов жараёнида ўрганилади.

Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан зудлик билан хизмат текшируви тайинланиб, ўтказилган текширув хулосасига кўра, фуқаро А.Абдукаримовнинг ички ишлар бўлимида ноқонуний ушлаб турилганлиги ва бошқа ноқонуний ҳолатлар бўйича бир қатор ходимларга нисбатан кескин интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Хусусан, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ички ишлар бўлими жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакиллари катта лейтенант Ф.Хусанбоев, катта лейтенант Э.Райимжонов ва катта лейтенант Қ.Қодировлар ички ишлар органларидан бўшатилган. Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи подполковник С.Усманов ва Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник П.Мамажоновлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган. Бундан ташқари, 19 нафар раҳбар ва ходимларга турли кўринишдаги қатъий интизомий тартибдаги жазолар қўлланилган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек муқаддас бурчига хиёнат қилган ҳеч бир ходим кечирилмайди. Юзага келган мазкур ҳолат бўйича ваколатли органлар томонидан адолатли тергов-суриштирув ишлари амалга оширилади ҳамда қонун устуворлиги ва жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланади», дейилади ИИВ ахборот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБнинг ходимлари фуқаро А.А.ни ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, унинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, ноқонуний равишда ушлаб турган. А.А. соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБдан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига ётқизилган ва 11 июнь куни вафот этган.

Бош прокуратура ушбу ҳолат юзасидан ИИБнинг уч нафар ходимига нисбатан айблов эълон қилинган, улар қамоққа олингани, ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида маълум қилган.

Бундан аввалроқ Сенат масъул қўмитаси ички ишлар органлари ходимларининг Андижондаги қилмишларини қатъий қоралаб чиққани хабар қилинганди.

Top