Иқтисодиёт | 16:58 / 16.06.2020
6411
3 дақиқада ўқилади

Ҳудудлар мустақил равишда ташқаридан қарз олишига рухсат берилмаслиги сабаби маълум қилинди

«Мунозара клуби»нинг илк йиғилишида ҳукуматнинг иқтисодий блоки раҳбарлари ҳудудларга ташқаридан қарз олишига нега рухсат берилмаслигига тўхталиб ўтишди.

Молия вазири Тимур Ишметов ҳудудларга босқичма-босқич мустақиллик берилаётгани, қарз олиш масаласи ҳам келажакда амалга ошиши мумкинлигини истисно қилмади.

Тимур Ишметов

«Ҳудудлар ҳам ўзлари мустақил равишда ташқаридан қарз олиши кўп давлатларда бор. Балки биз ҳам қачондир шу йўлдан юрармиз. Лекин биз ўзимиз республика номидан ташқи бозордан эндигина қарз олишни бошладик, бу жараёнларни энди ўрганяпмиз. Бу биринчиси.

Иккинчидан, ҳудудларга қадамба-қадам молиявий мустақилликни беришни бошладик. Бу давлат сиёсати, бугун улар солиғини ўзлари йиғишмоқда, белгиланган режани ортиғи билан бажарганларида ортиқча пулни ҳудуддаги ечимини кутаётган масалаларга йўналтиришмоқда.

Бу каби ислоҳотлар босқичма-босқич, эҳтиёткорона амалга оширилиши керак. Ҳозирги пайтда ҳудудлар ўзлари мустақил равишда ташқаридан қарз олишининг фойдасидан кўра зарари эҳтимоли кўпроқ деб ҳисоблаймиз», дейди вазир.

Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ҳудудлар мустақил равишда ташқаридан қарз олишига қатъиян қарши эканини таъкидлади.

Жамшид Қўчқоров

«Ҳудудлар ташқаридан қарз олиши масаласига келсак, мен ўзим ҳам шунда қатнашганман, 2000 йили Мамаризо Бердимуротович (Айни пайтдаги Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов назарда тутилмоқда – таҳр.) молия вазири эдилар, мен уларга ўринбосар эдим. Ўша пайтдаёқ бу масалага қарши чиққанман.

Ҳозир ҳам ҳудудларнинг ташқаридан қарз олишига шубҳа билан қарайман. Ўша пайтлари худди шу масала бўйича айрим воқеалар бўлганди, кейин ҳудудлар ташқаридан қарз ололмаслигини қонунчиликка киритганмиз», дейди Қўчқоров.

Эслатиб ўтамиз, «Мунозара клуби» кўпчиликни қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашиш, жамоатчиликни келгуси режалар юзасидан хабардор қилиш мақсадида ташкил этилган. Клубнинг биринчи муҳокамасида ҳукумат иқтисодий блоки раҳбарлари, депутатлар, экспертлар, халқаро молиявий ташкилотлар ва рейтинг агентликларининг вакиллари, журналистлар қатнашишди. Kun.uz интернет нашри «Мунозара клуби»нинг бош ахборот ҳамкори ҳисобланади.

Мавзуга оид