19:08 / 17.06.2020
11868

Сирдарёда тошқиндан сўнг таъмирланаётган уйларга эшик-дераза ўрнатиш ишлари якунланди

1814та таъмирталаб ҳолатдаги уйни таъмирлаш учун 562та пудратчи танлаб олинган. Сардоба туманидаги 63та кўп қаватли уй тиклаб бўлмас ҳолга келган, улардан 39таси бузилди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

17 июнь куни АОКА штабида «Сардоба» талафотларини бартараф этиш бўйича қилинаётан ишлар юзасидан брифинг бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Брифингда Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Жалол Арашев офатдан зарарланган уйларни таъмирлар ишлари бўйича ахборот берди.

«Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларининг талофат кўрган маҳаллаларида аниқланган 1814та таъмирталаб ҳолатдаги уй Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар кесимида таъмирлаш учун тақсимланган.

Таъмирланиши режалаштирилган уйларга 562та пудратчи ташкилотлар танланиб, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур ишларга 14 697 нафар ишчи ва 753та махсус транспорт воситалари жалб қилинган.

Пудрат ташкилотлари томонидан том ишлари деярли тугалланган; ром, дераза ва эшиклар ўрнатилган; пол, электр ишлари, сантехника ва иситиш, ички ва ташқи пардозлаш, ташқи деворларни таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Таъмирлаш ишлари учун Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияларининг ҳар бири 5 млрд сўмдан молиялаштирилган», – деди Жалол Арашев.

Кўп қаватли уйлар таъмири

Қурилиш вазирлиги расмийсига кўра, Сардоба туманидаги Юртдош, Қўрғонтепа, Дўстлик; Оқолтин туманидаги Саховат, Навоий; Мирзаобод туманидаги Навбаҳор маҳаллаларида жойлашган 148та кўп қаватли уй тўлиқ хатловдан ўтказилган.

«Хатлов натижалари бўйича далолатномалар расмийлаштирилди. Шундан 63таси яроқсиз ҳолатда (Сардоба), 36таси таъмирталаб (Мирзаободда 11та, Оқолтинда 12та, Сардобада 13та уй).

2020 йилнинг куз ойларигача кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш ва фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш ва уларнинг туташ ҳудудудларини ободонлаштириш ишлари учун жами 19 млрд 128 млн сўм маблағ талаб этилади.

Жумладан, уйларни таъмирлаш учун 12 млрд 94 млн сўм, ободонлаштириш ишларига 7 млрд 34 млн сўм сарфланади.

Шунингдек, Сардоба тумани «Дўстлик» маҳалласи ҳудудида сув тошқини натижасида яроқсиз ҳолатга келган 396та хонадонга эга 39та кўп қаватли уй бузилди», – деди Арашев.

Мавзу
Сардобада сув тошқини
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди.
Барчаси
Top