22:08 / 18.06.2020
6064

Охирги уч йилда олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича мусобақаларнинг совриндорларигагина ўқишга кириш учун имтиёз берилиши маълум қилинди

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Отабек Эшмаматовнинг айтишича, охирги 3 йилда олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича Олимпия, Паралимпия, Осиё ва ПараОсиё ўйинлари, жаҳон, қитъа ва республика чемпионатларида 1-3 ўринларни эгаллаган спортчи-ўқувчилар тиббиёт йўналишидан ташқари исталган олий таълим муассасасига имтиёзли ўқишга қабул қилинишади.

Фото: Миллий паралимпия ассоциацияси

«Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5924-сонли Фармонига мувофиқ олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича Олимпия ва Паралимпия ҳамда Осиё ва ПараОсиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва республика чемпионатларида охирги уч йилда ғолиб ва совриндор бўлган, яъни 1-3 ўринларни эгаллаган спортчи-ўқувчилар тиббиёт йўналишидан ташқари исталган олий таълим муассасасига имтиёзли ўқишга қабул қилиниши белгиланган.

Кураш бўйича Ўзбекистон чемпионати совриндорларига нима учун имтиёз берилмаётгани бўйича вазирлигимизга кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Кураш спорт тури гарчи Осиё ўйинлари дастурига киритилган бўлса-да, ҳали Олимпия ўйинлари дастурига кирмаган. Курашдан ташқари у-шу, пенчак-силат, муай-тай ва яна бир қатор спорт турлари ҳам Осиё ўйинлари дастуридан жой олган, бироқ улар ҳам Олимпия ўйинлари дастурида йўқ. Ота-оналар ва юртдошларимизга маълум қиламизки, президент фармонига мувофиқ имтиёз фақатгина Олимпия ва Паралимпия дастуридан ўрин олган спорт турларига берилган», дея Отабек Эшмаматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

 

Top