11:09 / 19.06.2020
3328

«Айрим ҳудудий раҳбарларнинг бу ҳақида хабари ҳам йўқ» – Норбоева халқаро рейтингларда мамлакат ўрнини яхшилаш масаласида гапирди

Сенат раиси Танзила Норбоева Сенатнинг 5-ялпи мажлисида халқаро рейтинг ва индикаторларда мамлакат ўрнини яхшилаш масаласи ҳудудлар кесимида амалга оширилиши ҳақида гапириб ўтди.

«Юқори ташкилотлар томонидан белгиланган рейтинг, индикаторларнинг барчаси фақат республика даражасидаги ташкилотларга тааллуқлидек бўлиб қолган. Туман, шаҳар, вилоят кесимидаги раҳбарларнинг бу тўғрисида хабари ҳам йўқ.

Рейтингларга таъсир кўрсатаётган омиллар вилоят, туман, лозим бўлса, маҳалла даражасида ўрганилади ва бартараф этиш чораси кўрилади. Халқаро рейтингларда берилган баҳо ҳудудларга берилган баҳо деб қаралади. Нафақат Ўзбекистонга, балки вилоятлар кесимида, вилоятлар ичида туманлар кесимида ҳам баҳо берилади», дея Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, 2030 йилгача барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсадлар ва вазифаларни назорат қилиш бўйича парламент комиссияси иш олиб боради. Комиссия 17та мақсад бўйича ҳудудий даражада – вилоят ва туманлар кесимида ўрганишларни ташкил қилиб, улар юзасидан ҳукумат олдига аниқ вазифалар қўйиб боради.

«Жойларда 6 мингдан ортиқ депутат бор. Уларнинг ҳаммаси ҳам 17та миллий мақсад бўйича 200та индикатордан хабардор деб айтиб бўлмайди.

Илгари биз 25 йил давомида Ўзбекистон халқаро рейтингларда қайси ўринда экан, деб қизиқмас эдик. Ҳеч қачон ҳеч биримизнинг бу ҳақида хабаримиз бўлмасди. Сўнгги 3-4 йил ичида ҳаракатлар самараси ўлароқ бир қатор рейтингларда ўрнимиз яхшиланди, лекин ҳали талаб даражасида эмас», дея таъкидлади Норбоева.

Top