16:24 / 19.06.2020
7095

Тошкент давлат стоматология институти: масофавий ўқитиш тиббиёт мутахассисларини бирлаштирди

Тошкент давлат стоматология институтида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССТнинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси кўмагида «COVID-19 тарқалиши даврида Ўзбекистон ва Россияда олий тиббий таълим тизимларининг жавоб концепцияси» халқаро илмий-амалий онлайн конференцияси бўлиб ўтди.

Пандемия пайтида тиббиёт олийгоҳларининг хатти-ҳаракатлари ҳақида гапирганда, таълим жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш, узлуксиз таълим курслари ва машғулотларни ташкил этиш, анъанавий таълим шаклларини масофавий форматга мослаштириш муҳимлигини таъкидлаш ўринли ҳисобланади.

Пандемия эълон қилинишидан олдин, электрон тиббий таълимга яқин келажакдаги жараён сифатида қаралар эди, аммо ҳаёт зудлик билан масофавий тартибда ишлашни талаб қилди. Республикада 11 та тиббиёт олийгоҳлари фаолият кўрсатмоқда ва ўқув муассасаларига ўқув материаллари ва талабаларнинг узлуксиз масофавий ўқиши учун ўқув материаллари ҳамда шароитлар яратиш вазифаси юклатилди. Шу билан бир қаторда, кўплаб кутубхона фондлари, журналлар таҳририятлари илмий мақолалар, ўқув ва илмий адабиётлардан бепул фойдаланиш имкониятини яратдилар.

Барча мамлакатлар, шу жумладан, Ўзбекистоннинг таълим тизими учун масофадан туриб ўқитиш кучли синовнинг ўзига хос турига айланди. Қисқа вақт ичида тиббиёт университетлари талабалари таълими самарадорлигини ошириш мақсадида университет ўқитувчилари ўқув видеоларини ишлаб чиқдилар ва тақдим қилдилар, нормал физиология, анатомия ва гистологияни ўрганиш бўйича виртуал семинарлар ташкил қилдилар. Приволжск илмий-текшириш тиббиёт университети ва Самарқанд давлат тиббиёт институти онлайн-конференциянинг асосий ҳамкорлари ва ҳаммуаллифлари бўлишди.

Анжуман Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи тиббиёт университетлари мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш учун яхши майдон бўлиб хизмат қилди. Анжуманда 100 дан ортиқ мутахассислар иштирок этишди. Карантин шароитида тиббиёт олийгоҳларининг ўқув, илмий ва амалий фаолиятидаги ютуқлари тўғрисида 14 та маъруза тингланди.

Асосий эътибор таълим жараёнида ахборот тизимлари, виртуал технологиялардан фойдаланиш бўйича тажриба алмашиш, масофавий форматдаги тиббий таълим сифатини ва унинг ривожланиш истиқболларини таъминлашга қаратилди.

Касбий тиббий таълимни ривожлантириш, узлуксиз таълим курсларини ташкил этиш, пандемия ва пандемиядан кейинги даврларда шифокорларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалалари Тошкент ва Москва олийгоҳларининг диққат марказида бўлди.

Тиббиёт университетлари талабаларига психологик ёрдамни амалга ошириш тажрибаси Оренбург давлат тиббиёт университети мутахассислари томонидан намойиш этилди. ТДСИ мутахассислари билан олий тиббий таълимда индивидуаллаштириш муаммоларини ҳал қилишда педагогик ва психологик диагностиканинг ўрни ва роли, хусусан, талабаларнинг ташаббускорлиги ва мустақиллигини қўллаб-қувватлаш бўйича тажриба алмашилди.

Жанубий Қозоғистон Тиббиёт Академияси, Палатс университети (Чехия) ва Тожикистон давлат тиббиёт университети вакилларидан иборат халқаро экспертлар кенгаши томонидан ўзбек ва россиялик ҳамкасбларининг ютуқларига холис баҳо берилди, масофавий ўқишни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди.

Эслатма. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, Тошкент давлат стоматология институти республиканинг энг яхши университетлари рейтингида 8-ўринни ва тиббиёт университетлари орасида 1-ўринни эгаллади.

Институтда ўқиш 4 та бакалавр йўналишида ташкил этилган бўлиб, шу жумладан, Россия ва Украина университетлари билан ҳамкорликда икки дипломлик таълимнинг 4 дастури йўлга қўйилган.

Институтнинг стоматология факультети филиали Жанубий Қозоғистон тиббиёт академияси негизида ташкил этилган. Тошкент давлат стоматология институти республика университетлари ичида биринчи бўлиб халқаро аккредитациядан ўтди ва ISO 9001: 2015 халқаро сертификатига эга бўлди.

Тошкент давлат стоматология институти матбуот хизмати

Top