19:30 / 25.06.2020
9575

Самарқанд шаҳрида 1300 дан ортиқ электр энергияси истеъмолчиси иккита тармоққа уланиб олгани аниқланди

Хабарингиз бор, юртимизда аҳолига электр энергияси етказиб бериш борасида сифат жиҳатдан бир қатор ислоҳотлар қилиняпти. Хусусан, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (ЭЭҲО ва НҚАТ) жорий этилмоқда. Маълумот ўрнида айтиш лозим, ушбу жараён 2021 йил якунига қадар давом этади ва 100 фоиз аҳоли қамраб олинади.

Хўш, бу тизим ҳақида истеъмолчилар нечоғли маълумотга эга?

Тан олиш керак, республикамиз ҳудудида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига ўтишда бир қатор муаммолар юзага келяпти. Шуни ҳисобга олиб, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тизимни кенг жорий қилиш бўйича чора-тадбир ишлаб чиққан. Ҳудудий электр тармоқларига бу борада кўрсатмалар берилган. Айтиш лозим, «Самарқанд шаҳар электр тармоқлари» корхонаси бу борада аҳоли ўртасида мунтазам тарғибот олиб бормоқда.

«Яқин йилларгача ҳам аксарият истеъмолчилар электр энергияси узилганда ёки қувват камайиб кетган вақтда иккинчи тармоққа уланиб олиши одатга айланганди. Яъни, кўпчиликда захира тармоқ доим бўларди. Аммо бу ҳолат электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишда ноқулайликларга сабаб бўляпти. Икки томонлама манбага эга бўлган истеъмолчи қарздорлик учун тармоқдан ажратилганда, иккинчи захира манбаига уланиб олмоқда. Натижада у билан алоқа узилиб, концентратор орқали маълумотлар ягона марказга (сервер) узатилмаяпти. Бу жорий этилаётган тизимнинг назорат қилиш функциясини бузиб, тизим моҳиятининг йўқолишига таъсир кўрсатмоқда. Содда қилиб айтганда, иккита тармоққа уланиб олиш қоидага зид бўлиб, электр энергияси истеъмолини яшириш ҳисобланади. Бир нарсани эътиборга олиш керак, иккинчи тармоқдан ажратилгандан кейин трансформатор юкламаси енгиллашиб, барқарор ва узоқ муддат ишлаши кафолатланади», - дейди «Самарқанд шаҳар электр тармоқлари» корхонаси бошлиғи Элдор Мамасолиев.

Бундан ташқари, аксарият кўп қаватли уйларнинг ички электр тармоқлари қаровсиз бўлиб қолган. Натижада содир бўлган авария ҳолатлари етарли малакага эга бўлмаган ходимлар томонидан бартараф этилиши натижасида хонадонларнинг электр ҳисоблагичлар уланиш схемалари бузилишига олиб келган. Бу ҳам айрим хонадонларнинг истеъмол қилган энергияси ҳисоб-китоби нотўғри бўлишига сабаб бўляпти. Кўп қаватли уй-жойларда истеъмолчилар ҳисоблагичларини хато уланиш, камчиликларни бартараф этиш мақсадида тегишли хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига мурожаат хати жўнатилмоқда. Камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиляпти.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрида ҳисоблагич ўрнатувчи ходимларга янги ҳисоблагичда «огоҳлантириш чироғи» ёнганда, уни бартараф этиш чоралари кўрилиши бўйича тушунча бериляпти.

Ҳозирга қадар Самарқанд шаҳрида 1300 дан ортиқ истеъмолчи иккита тармоққа уланиб олгани аниқланди ва захира тармоқдан узилди. Ушбу ҳолатларни бартараф этиш мақсадида шаҳарда учта бригада ташкил этилган бўлиб, деярли ҳар куни рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Электр энергияси мутахассислари томонидан захира тармоқни узиш вақтида фуқаролар эътироз билдирилаётгани ҳам айни ҳақиқат. Бундай вазиятда маҳалла оқсоқоллари, профилактика инспекторлари ҳамкорлигига таяниляпти.

«Самарқанд шаҳар электр тармоқлари» АЖ Матбуот хизмати

Top