Пойтахтда электр тармоқларини ўтказиш учун чуқур қазиш ишлари давомида кўп йиллик дарахтларнинг илдизларига жиддий зиён етказилган. Эҳтиётсизлик ва эътиборсизлик сабаб энди бу дарахтларнинг яшаб кетиши сўроқ остида.

Тошкент шаҳрининг Афросиёб ва Ислом Каримов кўчаларини туташтирувчи йўл ҳамда Бўзсув канали ёқасида электр тармоқларини ўтказиш учун, тахминан, 900 метр масофада олиб борилаётан қазиш ишларида кўп йиллик дарахтларнинг асосий илдизларига жиддий зарар етказилган.
Ҳудудда қўпориб олинган ёки кесиб ташланган илдизлар ётганини, чуқурларда эса дарахтлар илдизларининг чопилганини кўриш мумкин.




Kun.uz’га тақдим қилинган ҳужжатларда ҳудудда қазиш ишларини олиб бораётган “Электр энергия тармоқлари қурилиши” МЧЖ раҳбари К.Аҳмадалиев шу йилнинг 29 май куни Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Чилонзор тумани бўлими инспектори томонидан огоҳлантирилган.

Мажбурий кўрсатмада ҳудуддаги мавжуд дарахтлар ва буталарга шикаст етказиш, уларни ўзбошимчалик билан кесиш ёки бошқа жойга кўчириш, илдиз қисмидан қўпориб олиб ташлаш тегишли қонун ҳужжатлари билан тақиқланганлиги, етказилган зарар қопланиши шартлиги келтириб ўтилган.
К.Аҳмадалиевнинг ўзи ҳам бошқарма бошлиғи номига Бешёғоч кўчасидаги қурилиш ишлари давомида дарахтларни қуритиб қўймаслик, уларга шикаст етказмасликка, ўзбошимчалик билан кесиб ташламасликка ҳамда ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этмасликка кафолат хати ёзиб берган.

Лекин асл ҳолат қоғозлардаги ваъдалар ва шартларга мос келмаяпти.














