Ўзбекистон | 08:30 / 26.06.2020
6855
2 дақиқада ўқилади

Пахтани етиштирувчилар ва қайта ишловчилар кооперация асосида бирлашиши мумкин

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 22.06.2020 йилдаги “Пахта хом ашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 398-сон қарор қабул қилинди.

Президентнинг 06.03.2020 йилдаги ПҚ-4633-сон қарорида белгиланган вазифаларни бажариш доирасида Фермер хўжаликларининг ихтиёрий бирлашиши асосида пахта хом ашёсини етиштириш ва қайта ишлаш кооперациялари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.
 
Norma хабарига кўра, кооперацияга пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкил этилмаган ҳудудлардаги фермерлар – пахта хом ашёси етиштирувчилар, пахта тозалаш корхоналари ва пахта экспорт қилувчи корхоналар ихтиёрий равишда аъзо бўлади.
 
Ҳукуматнинг тегишли қарорларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларига белгиланган имтиёзлар кооперациялар учун ҳам татбиқ этилади.
 
Ҳужжатга мувофиқ:

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда пахта тозалаш корхоналарининг ишлаб чиқариш фаолиятида фойдаланилмаётган бўш ер майдонларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг захирасига ўтказилишини таъминлайди;

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари кооперациялар ва пахта етиштирувчи фермер хўжаликларини уруғлик, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳамда бошқа моддий-техника ресурслари билан таъминлаш чора-тадбирларини кўради;

кооперациялар пахтани қабул қилиб олиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни экспорт қилиш бўйича самарали иш юритиш тизимини жорий қилади.
 
Ҳужжат 23.06.2020 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид