14:20 / 01.07.2020
3196

Норбоева Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси раҳбари билан учрашди

Бугун, 1 июль куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ва АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) бош ижрочи директори Адам Болер бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги дипломатик муносабатлар ва турли йўналишдаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш хусусида мулоқот олиб борилди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Танзила Норбоева Ўзбекистонда халқ ҳаётида парламентнинг ролини ошириш, коррупцияга қариш кураш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида делегацияга маълумот берди. Сенат раиси мамлакатда гендер тенглигини таъминлаш бўйича қилинаётган ҳаракатлар хусусида батафсил тўхталиб ўтди.

«Ўзбекистонда гендер тенглиги бўйича республика комиссияси ташкил этилган бўлиб, мамлакат бу борадаги мақсадларга босқичма-босқич эришмоқда. Хусусан, парламент юқори палатаси аъзоларининг 25 фоизи, қуйи палата аъзоларининг 32 фоизини аёллар ташкил этмоқда.

Парламент юқори ва қуйи палатасида қўмита раислари, вазирлар, ҳокимлар, элчиларнинг аёллар орасидан танлаб олинаётганини ҳам қайд этиб ўтиш керак. Қисқа муддат ичида гендер тенгликни таъминлашга қаратилган иккита норматив ҳужжат – «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида» ҳамда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Республикада қабул қилинадиган қонунларнинг барчасини гендер тенглиги нуқтайи назаридан экспертизадан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Барча давлат тузилмаларида гендер тенглиги масаласи бўйича кенгашлар ташкил этилди.

Пандемия даврида аёлларнинг уй зўравонлиги қурбонига айланишининг олдини олиш мақсадида Сенатнинг Гендер тенглиги комиссияси қошида 24 соат ишлайдиган ишонч телефони фаолияти йўлга қўйилди», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Юқори палата раиси АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнат ва одам савдосига қарши кураш бўйича ҳаракатларини эътироф этгани учун миннатдорлик билдириб ўтди.

«Мажбурий меҳнат ва одам савдосига кураш масаласида АҚШ кузатувининг иккинчи рўйхатида қолган бўлсак-да, бу борада позициямизни яхшилашга ҳаракат қиламиз. Давлат котиби бу борада Ўзбекистонга берган кўрсатмаларнинг барчаси ўз олдимизга қўйган мақсадларга мос келади», дея таъкидлаган Норбоева.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси бош ижрочи директори Адам Болер Ўзбекистондаги ислоҳотлар шиддатини эътироф этди.

«Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг шиддати бизни ҳайратга солади. Пандемия даврида салбий хабарлар кўпайиб кетганига қарамай, бу мамлакатда бўлаётган ижобий ўзгаришларни муваффақият сифатида баҳолаш мумкин», деган у.

Шунингдек, Болер Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчликни таъминлаш бўйича қилаётган ҳаракатларини алоҳида қайд этиб ўтди.

«Афғонистонда тинчликни таъминлаш бўйича қилинаётган ишларда Ўзбекистоннинг ролини юқори баҳолаймиз. Бу мамлакатда фаровонликни таъминлаш, афғон аёлларининг ҳимояси бўйича Ўзбекистон астойдил ҳаракат қилмоқда», дея таъкидлаган у.

Top