14:03 / 11.07.2020
23820

Сурхондарё вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Қизириқ туманига ҳоким этиб тайинланди

Бугун, 11 июль куни Халқ депутатлари Қизириқ тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилиб, унда ташкилий масала кўрилди.

Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Олим Бобоқулович Муҳаммадиев бошқа ишга ўтгани муносабати билан Қизириқ тумани ҳокими вазифасидан озод қилинган.

Шу кунгача вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Илҳом Элмуродович Юсупов Қизириқ тумани ҳокими этиб тасдиқланган.

Илҳом Юсупов
Фото: Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот ўрнида, Илҳом Юсупов 1977 йилнинг 14 июнида Шеробод туманида туғилган. 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар академияси, 2015 йилда Ички ишлар академиясининг Олий академик курсини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – ҳуқуқшунос.

Меҳнат фаолияти давомида турли йилларда Жарқўрғон тумани ИИБ бўлинма бошлиғи, Термиз тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари, Денов тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари, Қизириқ тумани ИИБ бошлиғи, Денов тумани ИИБ бошлиғи, 2020 йилдан вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари  лавозимларида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, бугун Сурхондарё вилоятининг Ангор туманига ҳам янги ҳоким тайинланди.

Top