Ўзбекистон | 20:20 / 17.02.2023
11063
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда 4 туп катта чинор кесиб ташланди

Қизириқ туманидаги илмий-тадқиқот институтига қарашли ҳудудда 4 туп катта ёшли чинор дарахти ноқонуний кесиб ташланган. Оқибатда табиатга 216 млн сўм миқдорида зарар етказилган.

Фото: Табиат ресурслари вазирлиги

Табиат ресурслари вазирлигининг вилоят бошқармасидан маълум қилишларича, 21 январ куни бошқармага бир фуқародан “Бандихон илмий тажриба станцияси” хўжалигида мавжуд дарахтлар ва боғлар йўқ қилинаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Шундан кейин ҳолат ўрганилиб, академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти тизимидаги “Бандихон илмий-тажриба станцияси” ҳудуди кўздан кечирилганда 4 туп ўсувчанлигини йўқотмаган катта ёшли чинор дарахтлари ноқонуний равишда таг қисми билан кесиб кетилгани аниқланган.

“Хўжалик мутасаддиларининг ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашиши натижасида Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 37-моддаси талаблари бузилиб, 216 млн сўм миқдорда ўсимлик дунёсига зарар етказилган”,– дейилади расмий хабарда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо берилиши учун иш прокуратурага оширилган.

Расмий маълумотларга кўра, 2022 йил давомида Ўзбекистонда жами 1 777 туп қимматбаҳо ва кўп йиллик дарахтлар кесилгани ва бунинг ортидан табиатга 10 миллиард сўм зарар келтирилгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид