19:15 / 13.07.2020
11548

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун ОТБ ва ОИИБдан 200 млн доллар қарз олмоқда

13 июль куни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов видеоконференцалоқа орқали Осиё тараққиёт банки (ОТБ) президенти Масацугу Асакава билан музокара ўтказди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Вазирлик хабаридан маълум бўлишича, ҳукумат соғлиқни соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизматини модернизация қилиш ва жиҳозлаш учун Осиё тараққиёт банкидан 100 млн доллар миқдорида кредит олади.

ОТБ президенти ушбу қарз жорий йилнинг август ойи бошида маъқулланиши кутилаётганини айтган.

Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун биргаликда молиялаштириш асосида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг 100 млн долларлик маблағлари жалб этилади.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Эслатиб ўтамиз, 7 июль куни жорий инқироз оқибатларини юмшатиш учун ОТБ томонидан Ўзбекистонга 500 млн доллар имтиёзли кредит ажратилиши бўйича тегишли битимлар имзоланди. Ўзбекистон томонидан битимга Молия вазири Тимур Ишметов имзо чекди.

11 июль куни эса қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш учун Жаҳон банкидан 500 млн доллар қарз олиш бўйича битимлар имзоланди. Ўзбекистон томонидан ҳужжатларга Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов имзо чекди.

Маълумот учун, 2020 йилнинг дастлабки 4 ойи давомида Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи 692 млн долларга ошиб, 25,1 миллиард долларга етган эди.

Top