Жамият | 17:19 / 14.07.2020
8747
1 дақиқада ўқилади

Гиёҳвандлик воситасини сотган шахс коронавирус туфайли қамоққа эмас, карантинга олинди

Самарқанд шаҳрида гиёҳвандлик воситасини сотаётган пайтида ушланган шахсда коронавирус борлиги аниқланган. Натижада у қамоққа эмас, карантин зонасига юборилган.

Шу йилнинг 10 июль куни Самарқанд шаҳри ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда 38 ёшли У.Д. 0,59 грамм наша гиёҳвандлик воситасини 500 минг сўмга сотган вақтида ушланган. Тадбирда ишлатилган 250 минг сўм пул холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (кўп миқдорда гиёҳвандлик воситасини ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. У.Д.га айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Аммо, дастлабки тергов жараёнида У.Д. коронавирус билан зарарлангани аниқланиб, унга нисбатан қўлланган «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси «муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат» билан алмаштирилган. У.Д. зудлик билан карантинга олинди, дейилади ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарида.

Мавзуга оид