Ўзбекистон | 18:58 / 19.07.2020
27254
9 дақиқада ўқилади

Ижтимоий коллапс – нима у? Унга тушиб қолмаслик учун нима қилиш керак?

Ижтимоий коллапс — жамиятнинг базавий институтлари ишламай қолиши натижасида юз берадиган кенг қамровли инқироз. Ижтимоий коллапс жамият билан содир бўлиши мумкин бўлган инқирозларнинг энг фожиали формаси бўлиб, унга учраган жамият жамият сифатида барҳам топишгача бориши мумкин.

Фото: Bloomberg

Ижтимоий коллапсга олиб борувчи омиллар ижтимоий, иқтисодий, маданий, экологик омилларга бўлинади. Бироқ кўп ҳолатларда буларнинг бирваракайига бир нечтаси ижтимоий коллапсга сабаб бўлади. Тарихда юз берган ижтимоий коллапс ҳолатларига назар ташлайдиган бўлсак, уларга урушлар, табиий офат (цунами, ер қимирлаши, тез фурсатда иқлим ўзгариши ва ҳ.к.), юқумли касалликлар, аҳоли турмушини таъминлаб турган манба ва захираларнинг тугаб битиши (дарёларнинг қуриши, тупроқнинг яроқсиз ҳолга келиши ва ҳ.к.) сабаб бўлган.

Аммо ижтимоий коллапсга сабаб бўлувчи бошқа яна бир омил ҳам бор. Аниқроғи, биз айтган омилларнинг ҳақиқий ижтимоий коллапс бўлиб қад ростлашини таъминловчи омил.

Юқорида тилга олганимиз офатларни енгиб ўтиб, жамият жамиятлигича қолиши ҳам мумкин. Яъни офат қанчалик оғир бўлмасин, жамият аъзолари қўл ушлашиб, бир мушт бўлиб, талафотдан омон қолган воситаларидан фойдаланиб, жамиятлигини сақлаб қолиши мумкин ва бунга тарихдан мисоллар топса бўлади.

Айнан шу нарсага халақит қилувчи, яъни халқнинг ягона организм бўлиб ҳаракат қилишига монелик қилувчи асосий омил бу — жамият ичида ижтимоий алоқаларнинг яхши бўлмаслиги.

Яъни, дейлик цунами ёки юқумли касаллик маълум бир жамиятга катта талафот етказса-ю, аммо жамиятда ижтимоий алоқалар етарлича мустаҳкам бўлса, бошқача қилиб айтганда, ижтимоий алоқалар даражаси маълум кўрсаткичдан паст бўлмаса, унда бу жамият қийинчиликларни енгиб, яна оёққа туриб олади.

Аксинча, қай даражада ижтимоий ришталар дарз кетган бўлса, жамият аъзолари бир-биридан ўзини узоқ тутса, ҳар бири ўзини ягона организмнинг таркибий қисми деб ҳис этмаса, унда ижтимоий инқироз юз бериши эҳтимоли шунчалик юқорилайди.

Ижтимоий инқирозга сабаб бўладиган кучли омиллардан бири бу — жамият таъсис этган институтларнинг жамият измидан чиқиб кетиб, асл вазифасини бажармай қўйиши, балки ўзининг мустақил сиёсатини юрита бошлаши. Гўё уларни халқ таъсис этмагандек ўзини тутиши. Нега?

Чунки бу аввало халқнинг онгида тизимсизликни келтириб чиқаради, дунёқарашини «оёғини осмондан» қилади.

Халқ онгости билан ижтимоий институтларнинг асл вазифасини доим англаб туради. Зеро, инсон ўзи ҳур қилиб яратилган ва адолатни адолатсизликдан ажрата билиш фитрати билан туғилган.

Инчунун, катта бало-офатларни бошидан ўтказиб, қийинчиликларни енгиб, халқ яна ўзини ростлаб олиши учун жамият қурилмаси тўғри шаклда бўлиши, халқ таъсис этган ва халққа хизмат қилишга сафарбар этилган идоралар... халққа хизмат қилиши, халққа тўлиқ ҳисобот бериши, фаолияти мутлақо шаффоф бўлиши зарур. Айнан шу нарса халқнинг онгини тизимсизлик балосидан қутқаради.

Ва айнан шу омил «биз жамиятмиз» деган туйғу қалбларга мустаҳкам жойлашишига, халқнинг ички кучини генерация қилинишига ва, бинобарин, ҳар қандай қийинчикка қарши туриш учун қувват ва имкон беради.

Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир жамиятнинг асосий вазифаси ҳар қандай вазиятда ижтимоий коллапсдан йироқлашиб туриш учун ҳаракат қилиш ва шу мақсадда ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш ва айнан шу учун ижтимоий институтларни жорий қилиш. Бундан хулоса чиқиб келяптики, ижтимоий институтлар ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш учун керак.

Демак, ўзимиз учун белгилаб оламиз — ижтимоий институтлар (уларнинг энг асосийсини биз «давлат» деб номлаймиз) тузишдан асл мақсад — жамиятда ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш. Шуни яхши тушуниб олсак, яъни масаланинг моҳиятини англасак, биз жамият, халқ ўлароқ ижтимоий инқирозлардан узоқлашиш учун керак бўлган чораларни тўғри белгилашимиз мумкин.

Ва буни англаш жараёнидан ҳеч ким чеккада қолмаслиги лозим. Таъбир жоиз бўлса, вазирлардан тортиб оддий косибгача ижтимоий институтларнинг нима учун жорий қилингани, мазкур институтларнинг фаолияти аввало ҳар қандай ҳолатда юз бериши мумкин бўлган ижтимоий инқирозлардан суғурталаниш учун таъсис этилишини англамоғи, бу учун эса уларнинг фаолияти халққа очиқ бўлмоғи, ҳар бир қарор халқнинг умум иродасини ифодаламоғини тушунмоғи лозим.

Аксинча, ёпиқ эшиклар ортида тор доирада қабул қилинадиган қарорлар ҳамда асл ҳолатни яширишга уринишлар фақат ва фақат халқ онгини пароканда қилади, ижтимоий алоқаларга, аввало омма билан давлат ўртасидаги алоқаларга тубсиз шикаст етказади, жамиятни ҳар соҳа ва ҳар нуқтада тизимсизликка гирифтор қилади.

Ўзаро ишонч — мана ҳар қандай офатга қарши туриш учун керак бўлган, ички кучларни генерация қилувчи омил.

Ўзаро ишонч учун эса ўзаро ҳурмат бўлмоғи ва энг асосийси, хулоса қилганимиздек, ижтимоий институтлар асл вазифасини тўғри англамоғи ва бажармоғи, жамоатчилик, омма-халқ билан бирга ҳаракат қилмоғи лозим. Шундагина «жамият» тушунчасининг асл ҳақиқати очилади — асл жамият юзага келади, ягона организм бўлиб муаммоларга қарши турилади.

* * *

Ижтимоий коллапс ҳақида сўз очишга мажбурмиз. Зеро қийинчиликлар зоҳир бўлганда воқеалар ривожининг энг ёмонини кўз олдига келтириш муҳим аҳамият касб этади — вазиятни олдиндан моделлаштириш ва керакли чораларни олдиндан кўриш учун. Чунки бундай қилинмаса, ўша энг салбий вариантлар содир бўлиши мумкин.

Юзага келиб турган, Covid-19 эпидемияси билан боғлиқ ҳозирги вазият эртага энг салбий ҳолатни келтириб чиқармаслиги учун нималар қилиш керак?

Аввало давлат идораларининг ҳар бир баёноти фақат ва фақат ҳақиқий ҳолатни акс этиши лозим. Чунки ҳақиқий ҳолат барибир, эртага ёки бир соатдан кейин очилади ва омма наздида давлат идораларининг баёнотлари ишончсиз бўлиб қолади. Давлат идораларининг баёнотларига ишонч йўқолиши эса фожиали оқибатларга олиб бориши мумкин. Қандай қилиб?

Тасаввур этинг, эпидемия билан боғлиқ вазият жуда оғирлашди. Бундай пайтда ҳаракатларни мувофиқлаштириш — ҳаётий муҳим! Чунки айнан оғир вазиятда ҳаракатлар бир томонга йўналтирилмаса, ҳамма бир тан-у бир жондек ҳаракат қилмаса, вазият драматик тус олиши, изидан чиқиб кетиши мумкин. Айнан шундай пайтда омма шаксиз ишонадиган манба бўлиши керак. Ижтимоий институтларнинг асосийси бўлмиш давлат институти шундай ишончли манба бўлмаса, унда вазиятни жуда хатарли деб баҳолаш керак бўлади.

Шу учун ҳам шу пайтгача қайси идоралар тутуруқсиз баёнотлар бериб келган бўлишса, шулар давлатга бўлган ишончни сўндириб келишган ва, худо кўрсатмасин, вазият кескинлашиб, давлат оммавий ҳаракатларни бир томонга йўналтира олмай қолса, ўша идоралар бунга айбдор бўлади.

Пандемияга қарши курашиш масалаларида жамоятчиликка кўпроқ суяниш – яна бир, вазият ундаб турган фавқулодда муҳим ишлардан. Карантин пайтида оғир вазиятга тушиб қолган тоифаларга ёрдам кўрсатиш ишларида кўнгиллилар (волонтёрлар)нинг кўрсатган хизматларига гувоҳ бўлдик. Аксинча, давлат идораларининг баъзи ходимлари томонидан бўлган баъзи тасарруфлар: хайрия маблағлари талон-торожи, тиббий ҳамда СЭО соҳаларидаги талон-тарож ҳолатлари ва бошқа кўплаб ҳолатлар жамоатчилик бирлашмаларига суяниш муҳим эканлигини ҳамда давлат ишчилари ўртасида оғир вазиятга қарамасдан инсофсизларча талон-тарожга қўл урувчилар кўп эканини (бу эса халқнинг ишончини янада сўндирди) кўрсатиб турибди.

Шуни айтиш керакки, халқнинг ишончи салбий ҳолатларни яшириш билан эмас (яширилган ҳолатлар барибир очилишига гувоҳ бўлиб турипмиз), балки салбий ҳолатлар юз бермаслигини таъминлаш билан, муаммоларни том маънода ҳал қилиш билан қозонилади. Бинобарин, камчиликларни ошкор қилишни «давлатнинг обрўйини тушириш»га тенглаштиришда моҳиятан катта хато ётади.

Пандемия келтириб турган хатарларга қарши туришнинг яна кўп воситалари бор — биз фақат бу тадбирларнинг самарасини таъминловчи омиллар ҳақида сўз юритдик. Зеро, самаранинг бош омилларини юзага келтирмасдан туриб ҳаракат қилиш — куч, маблағ, ҳаракатларни зое қилиш.

Энг ёмони — юз бериши мумкин бўлган энг ёмон вариантларни яқинлаштириш.

Офатлардан саломат чиқишнинг бош омили — бирдамлик, ижтимоий алоқаларнинг бақувватлиги. У эса ўзаро ишонч билан эришилади. Ўзаро ишонч эса пок ният, тўғри сўзлик, ҳақларни адо қилиш, ҳар ким ўз вазифасини тўғри англаши билан ворид бўлади.

Шокир Шарипов