Иқтисодиёт | 10:51 / 19.07.2020
28560
9 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Дунё иқтисодиётида вазият қандай?

Янги турдаги коронавирус билан касалланиш ҳолатлари сони 14 миллиондан ошди, вафот этганлар сони эса 600 мингдан ошиб кетган. Эпидемиядан энг кўп зарар кўрган АҚШда ҳолатлар сони 4 миллионлик чегарага яқинлашмоқда, ҳалок бўлганлар эса 142 мингга етган. Эпидемия барча соҳалар қатори дунё иқтисодиётига ҳам жуда катта салбий таъсир кўрсатмоқда.

Фото: AFP

Дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари – АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатларида пасайиш давом этмоқда. Европа Иттифоқининг барча 27 мамлакатида карантин чекловлари деярли бекор қилинди, аммо иттифоқнинг ташқи чегаралари ҳали ҳам сайёҳлар учун ёпиқ. Қўшма Штатлар эса кетма-кет эпидемиянинг янги ўчоқларига дуч келяпти ва бу ерда турли шаҳарлар ва штатлар ҳукуматлари чекловларни яна қайта жорий қилмоқда.

АҚШ

АҚШ энергетика ахборот маъмурияти (EIA) томонидан эълон қилинган «2020 йилнинг қисқа муддатли энергетикага оид ҳисоботи»га кўра, бу йил Brent маркали нефтнинг ўртача баррел нархи 40,5 долларни ташкил қилиши кутилмоқда. 2020 йил июнь ойидаги ҳисоботда бу рақам 38 долларга баҳоланди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида ўртача 50 доллар ва иккинчи чоракда 29 доллар бўлган Brent маркали нефтнинг нархи учинчи чоракда 40 долларга, охирги чоракда 43 долларга ва бутун йил давомида 40,5 долларга кўтарилиши, келгуси йилда эса бу кўрсаткич 49,7 долларга ўсиши кутилмоқда.

Қайта кўриб чиқишда, жорий йилнинг иккинчи ярмида ва келгуси йилда глобал нефть захиралари пасайиши кутилмоқда. Айни пайтда келгуси йилда нефть захираларининг пасайиши тезлашади, деган прогноз нархларга юқори босим ўтказиши мумкин.

Бошқа томондан, нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти OPEC ва ташкилотга аъзо бўлмаган давлатлар ишлаб чиқаришни қисқартиргани боис жаҳон нефть бозорида ортиқча таъминот камайган, аммо дунё бўйлаб янги турдаги коронавирусга қарши карантин чоралари юмшатилиши июнь ойида глобал нефть талабини оширган.

EIA АҚШнинг бу йилга оид кунлик нефть қазиб олиш даражасини ўзгартирмади.

Бунга кўра, мамлакатнинг ўртача нефть қазиб олиш ҳажми бу йил 11,6 миллион баррел бўлиши, келгуси йилда эса 11 миллион баррелга тушиши кутилмоқда.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, АҚШ 2018 йил ноябрь ойида Саудия Арабистони ва Россияни ортда қолдириб, дунёдаги энг йирик нефть ишлаб чиқарувчисига айланганди.

Европа Иттифоқи

Карантин туфайли Сербияда норозилик намойишлари юзага келди / AFP

Европа Иттифоқи Комиссияси «2020 йилги ёзги иқтисодий прогнозлар» ҳисоботини эълон қилди. «Кенг фарқларда янада чуқур рецессия» деб номланган мазкур ҳисоботда Евро ҳудуд 2020 йилда 8,7 фоизга, 2021 йилда эса 6,1 фоизга ўсиши тахмин қилинган.

Ҳисоботда Европа Иттифоқи иқтисодиёти 2020 йилда 8,3 фоизга қисқариши ва 2021 йилда 5,8 фоизга ўсиши тахмин қилинмоқда.

Шунингдек, бу йил Германия иқтисодиёти 6,3 фоизга, Франция 10,6 фоиз, Италия 11,2 фоиз, Испания 10,9 фоиз, Нидерландия 6,8 фоиз, Бельгия 8,8 фоиз, Греция 9 фоиз, Австрия 7,1 фоизга қисқариши тахмин қилинмоқда.

Инфляция даражаси эса Европа Иттифоқида 0,6 фоизни, Евро ҳудудда 0,3 фоизни ташкил этиши мумкин. Чеклов чоралари кутилганидан кўра секинроқ бекор қилингани иқтисодий фаолиятга кўпроқ таъсир кўрсатиши ва ЕИ иқтисодиёти бу йил эпидемия сабабли чуқур турғунликни бошдан кечириши маълум қилинди.

Ҳисоботда айтилишича, прогнозлар билан боғлиқ хавфларнинг кескинлиги шиддатли бўлиб, эпидемиянинг кўлами, давомийлиги ва келажакда қандай чеклов чоралари кўрилиши ноаниқ экани айтилмоқда. Шунингдек, меҳнат бозори, компанияларнинг ликвидлиги ва молиявий бозорлар учун хавф борлиги билдирилган.

Буюк Британия ва ЕИ ўртасидаги келгусидаги савдо алоқаларини белгилаб берадиган келишувнинг бажарилмаслиги ҳар икки томоннинг иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши, протекционистик иқтисодий сиёсат ва ишлаб чиқаришда глобал таъминот занжиридан узоқлашиш жараёни иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ҳисоботда Covid-19’га қарши вакцинанинг яратилиши ва Европа Иттифоқи Комиссияси томонидан тайёрланган қутқарув дастурининг қабул қилиниши ижобий самара бериши айтилди.

«Эпидемия Европа иқтисодиётига кутилганидан ҳам қаттиқ таъсир кўрсатди», деди Брюсселдаги матбуот анжуманида ЕИнинг иқтисодиёт бўйича комиссари Паоло Гентилони. Жараён ҳали ҳам ноаниқликлар ва хавф остида давом этаётганига ишора қилган Гентилони, 2020 йилдаги қисқаришлар аввалги тахминларга қараганда 1 фоизга салбий бўлганини таъкидлади.

Июль ойи бошида Европа Иттифоқи ҳукумати тикланишнинг янги прогнозини эълон қилди. Бу прогноз пандемиянинг энг қоронғи даври – апрель ойида бўлгани каби мавҳум умидсизликка сабаб бўлди. «Май ва июнь ойларидаги кўрсаткичлар энг ёмон вазият ортда қолганидан далолат беради. Аммо бу прогноз карантин чоралари аста-секин олиб ташланади ва пандемиянинг иккинчи тўлқини бўлмайди деган тахминга асосланади. Уни қайта кўриб чиқиш хавфи ўта юқори ва асосан ёмон бўлиши мумкин», деб хулоса беради Европа Комиссияси.

ХВЖ раҳбари Еврокоммиссиянинг прогнозларига қўшилади

«Вирус тарқалишининг кенг кўламли иккинчи тўлқини дунё иқтисодиёти учун янги зарбаларни келтириб чиқариши мумкин. Аммо бошқа хавфлар ҳам бор: товарларнинг ўзгарувчан нархлари, божлар оширилиши, активлар нархи кўтарилиши ва сиёсий беқарорлик. Бошқа томондан, вакцина ишлаб чиқариш ва коронавирусни енгиш йўлида тиббий соҳадаги ютуқлар кайфиятни кўтариб, ишчанликни оширади», деб ёзади Георгиева.

Иқтисодиётнинг қайта тикланиши, ҳукумат аҳоли ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун сарфлаётган катта харажатларга ҳам боғлиқ. Ушбу мақсадлар учун бой давлатлар аллақачон юз миллиардлаб доллар маблағ ажратган. Умуман олганда G20 аъзо мамлакатлар ўзининг олдинги ҳаётига қайтиш учун 11 триллион доллар сарфлашга ваъда берган, бу дунё ЯИМнинг 13 фоизидан кўпроғини ташкил этади.

Агар қўллаб-қувватлаш етарлича бўлмаса ва мўлжалдан олдин тўхтатилса, унда инқироз асорати узоқ вақт давом этадиган жиддий изларни қолдиради, дея огоҳлантирган ХВФ раҳбари: «Пандемия, эҳтимол, қашшоқлик ва тенгсизликнинг кучайишига ва тиббий хизмат танқислигига олиб келади. Шунингдек, иш ўринлари қисқаришига ва ёш авлод учун имкониятлар пасайишига сабаб бўлади», дея огоҳлантирган Георгиева.

Хитойда иқтисодиёт «ўзига келмоқда»

Туризм ва яна бир қанча соҳалар тикланишига ҳали кўп вақт бор / AFP

Хитой иқтисодиёти ўз тарихидаги биринчи инқироздан сўнг яна ўсиш кўрсаткичларини кўрсатмоқда. Бу хабар дунёнинг қолган қисмига XXI асрнинг энг ёмон инқирозидан аста-секин чиқиш умидини берди. Дунё иқтисодиётидаги ишлаб чиқариш ва истеъмол бозори ярим куч билан айланаётган двигател ҳолатига тушган эди, энди жаҳон иқтисодиёти қайта тиклана бошлади.

Бироқ Халқаро валюта жамғармаси раҳбари қувонишга ҳали эрта демоқда. ХВЖ раҳбари бу ҳақда дунёнинг 20та етакчи давлати ҳукуматини, G20 аъзо давлатлар молия вазирлари ва марказий банк раҳбарларини виртуал учрашув олдидан огоҳлантирган. «Шунингдек, яхши янгиликлар ҳам бор: дунё бўйлаб тадбиркорлик фаоллиги йил бошида мисли кўрилмаган пасайишдан сўнг аста-секин тикланмоқда. Аммо хавф ҳали тугамаган», деб ёзган ХВЖ раҳбари Кристалина Георгиева ўз блогида.

АҚШ ва Европа Иттифоқидан кейин дунёдаги учинчи йирик иқтисодиёт бўлган Хитой коронавирус зарбасини биринчи бўлиб ўзига қабул қилган ва ундан нисбатан қисқа вақтда омон қолган биринчи мамлакат ҳисобланади. Хитой иқтисодиёти ўз тарихида умуман инқирозга учрамаган ва ҳар доим ўсиш суръатларини кўрсатиб келган. Ҳатто баъзи йилларда 15 фоизгача ўсиш қайд этилган. Аммо жорий йил январь-март ойларида Хитой иқтисодиёти йиллик кўрсаткичда 6,8 фоизга қисқариб кетди. Мао Цзэдун «Маданий инқилоб» ўтказиб, Хитой иқтисодиётини анча чўктирган йилларда ҳам Чин юрти иқтисодиёти жорий йилнинг биринчи ярмидагидай тушиб кетмаганди.

16 июль куни Хитойда иқтисодий турғунлик даври тугагани эълон қилинди. Аммо йўқотилганлар ўрнини қоплашнинг ҳозирча иложи йўқ. Иккинчи чорак – апрель, май ва июнь ойларида Хитой ялпи ички маҳсулоти атиги 3,2 фоизга ошди.

«Хитой истеъмол бозорининг ўсиши ҳали етарлича авжига чиққани йўқ. Шу билан бирга, тез тикланиши кутилмайдиган соҳалар: туризм, ресторан бизнеси ва ҳордиқ чиқариш муассасаларининг ўз фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиши учун бироз вақт керак», деб таъкидлайди Deutsche Bank таҳлилчилари.

Мавзуга оид