21:56 / 20.07.2020
10793

«Реал»нинг ўтган мавсумдаги хатосини такрорлаган «Барса». Зидан чемпионликни қандай тортиб олди?

«Зидан – Яратганнинг бизга берган марҳаматидир. Одамлар у ҳақида исталганча гапиришлари мумкин, аммо биз у билан совринларни ютишда давом этамиз». Бу «Реал» президенти Флорентино Переснинг чемпионлик қўлга киритилгач айтган дастлабки фикрлари бўлди. Дарҳақиқат, Мадрид клубининг ўз тарихидаги 34-чемпионлик совринини қўлга киритишида французнинг ҳиссаси катта. Қуйида «Реал»нинг чемпионлик курашида «Барса»дан қандай устун келгани ва Зидан жамоада нималарни ўзгартира олганини таҳлил қилиб кўрамиз.

Зидан – топ мураббий

Кўпчилик ҳалигача Зиданнинг мураббийлик фаолиятига муносиб баҳо бермайди. Айниқса, унинг Мадриддаги дастлабки фаолиятида эришган мисли кўрилмаган муваффақиятлари кўпроқ Криштиану Роналду феномени ва ўша пайтдаги барқарор тажрибали таркиб билан эсланади. Аслида эса Зинеддин ёшлар билан ҳам ишлай оладиган ажойиб тактик эканлигини бу йил ҳам исботлай олди. Мисол учун, 21 ёшли Федерико Вальверде ёки 20 ёшли Винисиус ҳам бу йилги чемпионлик учун муҳим ўрин тутишди.

Зидан ўтган йилги ўтиш давридаги муваффақиятсизликларни енгиб ўтиб, пандемиядан кейин Ла Лигада 10 ўйиндан иборат ажойиб ғалабали серияни тақдим этиб, совринга эришди. Йилнинг энг муҳим икки тўқнашуви - «Эль-Класико»да «Барса»дан жами 4 очко тортиб олди.

«Реал» қандай қилиб ҳаммадан кучлироқ чиқди?

2019/20 йилги мавсум якунларига кўра, Мадрид жамоаси қуйидаги сабаблар билан бошқалардан кучли эканлигини кўрсата олди.

1. Карим Бенземанинг янги роли

Роналдунинг «Реал»ни тарк этишидан энг кўп ютган айнан Бензема бўлди. У жамоанинг энг яхши голеадорига айланди – Ла Лигада 21та гол. Бундан ҳам муҳимроқ яна бир жиҳати Карим ўзи учун ноодатий бўлган клубнинг энг яхши ассистенти бўлди – 8та голли узатма.

Жамоанинг ҳужумларини ташкил этиш, зарбалар ва узатмаларнинг самарадорлигини қайд этиб борувчи xGChain ҳисоботи бўйича ҳам франциялик ҳужумчи жамоада энг яхши кўрсаткичга эга – 31,38. Аввалги йилларда бу борада етакчилик Роналдуда эди.

Бенземанинг жорий мавсумда энг кўп зарба йўллаган нуқталари

2. Қанотлардаги ўзаро боғлиқлик

Ушбу суратда «Реал» футболчиларининг «Вильярреал»га қарши ўйиндаги энг кўп ҳаракат қилган нуқталари кўрсатилган. Кўриниб турибдики, энг фаол зоналар (қизил) қанотларда жойлашган.

Мадридликларнинг ушбу мавсумдаги ўйинларида бу одатий ҳолга айланиб қолди. Зидан шогирдлари кенг майдон бўйлаб ҳаракат қилиб, чап қанотдаги Марсело/Менди ва ўнг қанотдаги Карвахалнинг ҳужумкорлиги туфайли қанотларда сон жиҳатдан устунлик қилишган. Дарвоқе, Карвахаль xGChain ҳисоботи бўйича 18,39 кўрсаткичи билан жамоада Бенземадан кейинги ўринни эгаллаган. Яъни ушбу ҳимоячи ҳужумга ўтиш ва уни якунлаш бўйича катта ҳажмдаги ишни бажарди.

Ҳимоячиларнинг ҳужумкорлиги вингерларга қанот яримҳимоясидан ҳужум ортида тўп суриш имкониятини яратади. Одатда Азар ва Винисиус чап қанотда шундай ўйин кўрсатишади. Бундеслигада чемпионликни қўлга киритган «Бавария» ҳам шунга ўхшаш услубда тўп суради.

3. Ла Лигадаги энг яхши ҳимоя

Зидан бошчилигидаги «Реал»ни Ла Лиганинг энг кучли ва самарали прессинг амалга оширувчи клуби деб бўлмайди – PPDA кўрсаткичи 8,90ни ташкил этган. Мисол учун ўртамиёна «Хетафе»да бу кўрсаткич 6,97ни ташкил қилади.

Аслида мадридликлар тўпни эгаллаб олиш учун рақиб майдонда кучли прессинг уюштиришлари шарт ҳам эмас, улар чизиқлар бўйича прессингни кучайтириб, тўпнинг ҳаракат зонаси ёпиб қўйишга асосланган ўйин кўрсатишади.

Ундан-да муҳимроқ рақам бу – 25. «Реал» Испания чемпионати ўйинларида ўз дарвозасидан худди шунча тўп ўтказиб юборди. Таққослашингиз учун лигадаги энг зич ҳимоя қўрғони билан ном чиқарган Диего Симеоненинг «Атлетико»си ҳам 27 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиққан.

Мадрид жамоаси бунга қандай эришган?

Биринчидан, таянч яримҳимоячиси Каземиронинг меҳнати эвазига. У ҳар ўйинда ўртача 2,8 марта тўпни эгаллаб олиб, ҳужум бошлайди. Ҳужумларни бузиш бўйича ҳам Каземиро жамоада етакчи.

Иккинчидан, жамоанинг майдон марказидаги ҳужумкор футболчилари Кроос, Модрич ва Вальверде тўпнинг йўқотилишига жуда тезкорлик билан реакция билдиришади. «Реал» тўпни йўқотган заҳоти улар Каземиро билан бирга рақибнинг ҳамласини дастлабки ҳужум босқичидаёқ тўхтатиш илинжида марказий ҳимоячилар олдида ҳимоявий чизиқ ҳосил қилишади.

Учинчидан, марказий ҳимоядаги жуфтлик – Рамос ҳамда Варан барқарор ўйин кўрсатишди. Иккинчи қаватдаги курашларда франциялик ҳимоячи «Реал»да тенгсиз - ҳар ўйинда ўртача 3,7 марта ҳаводаги курашда тўпга эга чиқади. Испаниялик ҳимоячи эса пастдаги курашларда устунлик қилиш билан бирга голлар уриш борасида ҳам «Реал»да иккинчи ўриндан жой олган. Рамос Ла Лигада 10та гол урди, шундан 6таси 11 метрлик нуқтадан киритилган. Серхионинг мавсумдаги энг ёдда қоларли голи «Эйбар» (3:1) билан ўйинда киритилиб, Рамос ҳимоядаёқ тўпни эгаллаб олиб, ҳужумни бошлади ва катта тезликда олдинга ўтиб, рақиб дарвозасини ишғол этишга эришди.

«Барселона»га нима бўлди?

Албатта, кимдир бу мавсумда «Реал» аслида кучли бўлмаганлигини, аксинча, «Барселона» ўзига ўхшамаганлигини айтиши аниқ. Бу борада у қисман ҳақ бўлади: каталонияликлар 28-турдан кейин «Реал»ни икки очкога ортда қолдираётган эди. Бироқ кейинчалик учта баҳсда дуранг қайд этган Месси жамоаси 37-турда ўз уйида «Осасуна»дан кутилмаган зарбани қабул қилиб олишди - 1:2.

Ушбу мағлубиятдан кейин «Барса» етакчиси жим тура олмади ва жамоа ўз ўйинини ўзгартириши шартлигини ОАВ орқали етказиб қўйди.

«Рома», «Ливерпуль»... Мухлисларимизнинг сабр косаси тўлаяпти, сабаби биз уларга ҳеч нарса бера олмаяпмиз. Энди Чемпионлар лигаси ғолиблиги учун курашишни истасак, кўп нарсани ўзгартиришимиз керак. Акс ҳолда «Наполи»га ютқазиб, бу турнир билан ҳам хайрлашамиз», - дейди Лионель.

Дарвоқе, Мессининг бу йилги натижалари ҳам сезиларли даражада пасайган. Мисол учун голлар сони бўйича у ўз жамоасида ҳали-ҳамон етакчи саналса-да, бу кўрсаткичлар аввалги йилдагидек эмас.

Месси Ла Лиганинг сўнгги икки мавсумида:

Шунга қарамай, айнан Месси ўз вазифасини уддалай олмади, дейиш нотўғри бўлади. Лионель жамоанинг ўйинини белгилаб берувчи футболчи сифатида қолмоқда. Лионель голли узатмалар сони бўйича (22та) яққол етакчи. Ундан кейинги ўриндаги Луис Суарес бу борада анча камтар натижа кўрсатган (8та).

«Реал»нинг ўтган мавсумдаги хатосини такрорлаган «Барса»

«Жамоанинг натижаси учун жавобгарман. Биз Ла Лигани юта олмаган бўлсак-да, энди Чемпионлар лигасида бор куч ва имкониятларимизни ишга соламиз», - дейди «Барселона» бош мураббийи Кике Сетьен чемпионлик қўлдан чиқарилгач.

Умуман олганда, «Барселона» раҳбарияти мураббийлар борасида «Реал»нинг ўтган мавсумдаги хатосини такрорлади. Ўшанда «қироллик клуби» раҳбарияти Хулен Лопетегини бош мураббий этиб тайинлаб биринчи хатога йўл қўйган бўлса, кейин унинг ўрнига Сантьяго Соларини бош мураббийга айлантириб, иккинчи хатони қилганди. Ишлар юришмагач, якунда Зидан жамоага қайтди.

Каталонияликлар эса Ла Лигада икки бор чемпион қилган, аммо Чемпионлар лигасида тажрибасиз бўлган Эрнесто Вальверде ўрнига ундан кучли бўлмаган мутахассис – Сетьенни ёрдамга чақиришди. Бунгача грандлар билан ишламаган Кике эса пешқадам жамоани совринсиз қолдирди.

Аслида Сетьеннинг муаммоси тактик ғояларда ҳам эмас, сабаби у «Бетис»ни қизиқарли жамоага айлантира олганди. Ҳамма гап Кикенинг катта мақсадлар ва юлдузли таркибга эга суперклубларда ишлай олмаслигида бўлди. Бироқ Сетьен учун ҳали ҳаммаси тугагани йўқ – у суперклубга мос мураббий эканлиги, ҳеч бўлмаса Вальвердедан яхшироқлигини кўрсатиш учун Чемпионлар лигасида ўзини кўрсатиш имкониятига эга.

Худди шундай имконият «Реал»да ҳам бор. Мадриддаги мағлубият (1:2) сабабли энди жавоб ўйинида «Манчестер Сити»ни сафарда таслим этиш осон бўлмайди. Аммо 11 ўйиннинг 10тасида ғалаба қозонган Зиданнинг ўз жамоасини мавсумдаги энг муҳим қарама-қаршиликка руҳан ва тактик жиҳатдан тайёрлай олишига шубҳа йўқ. Ҳар ҳолда у топ-мураббий.

Усмон Ибодов тайёрлади.

Top