Ўзбекистон | 17:58 / 21.07.2020
28653
2 дақиқада ўқилади

Шифокор: Шунча йил ишлаб, бунчалик кўп нажот истаб тикилган кўзларни кўрмаганман

Пандемия тиббиёт тизимини мураккаб аҳволга тушириб қўйди. Шифокорлар, айниқса тез тиббий ёрдам бригадалари ва тор мутахассислар етишмаяпти. Ана шундай пайтда юртдошимиз бўлган шифокорнинг бир ташаббуси диққатимизни тортди.

– Биринчи 14 кунлик хизматимизга давлат томонидан ваъда қилинган 25 млн сўм тўлаб берилди. Қаттиқ чарчадим ва уйимга кетдим. Озроқ дам олиб, ўзимга келишим билан юрагим безовта бўла бошлади, – дейди Kun.uz билан суҳбатда ўз исмини ошкор қилишни истамаган шифокор.

Чунки охирги бир неча кун ичида вазият кескин ёмонлаша борди, беморлар сони ортди, ҳамкасбларимиз улгурмай қола бошладилар. Шунда яна ишга қайтишга қарор қилдим.

– Кўпчилик шифокорлар катта маошларга ҳам қарамай бу соҳада ишлашдан чўчишмоқда. Сиз узлуксиз ишлашга тайёрман, деяпсиз.

– Гапларим баландпарвоз туйилмасин, лекин давлатимиз имкониятлари чекланиб қолса, охиригача ҳақ олмай ишлашга ҳам тайёрман. Лекин умид қиламанки, тизимимиз бундай мураккаб вазиятга тушиб қолмайди.

Албатта, маош олишим, оилам бюджетига ҳисса қўшишим керак. Ўзимнинг режам 14 кунликдан кейинги дам олиш кунларимда ҳам имкон қадар ишга чиқмоқчиман ва шу билан касалликка қарши курашда ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Ота-онам бутун умр халқ хизматини қилиб ўтишган. Биз учун бугун синовли кунлар бугун келди шекилли, шундай пайтда фойдам тегаётганидан хурсандман.

– Умуман, шифохоналарда вазият қандай?

– Юклама уч баробаргача ошган, оғир аҳволдаги беморлар жуда кўп. Шунча йил ишлаб, шунча жойда юриб, бунчалик кўп нажот тилаб тикилган кўзларни кўрмаганман. Ўзимнинг ҳам яқин қариндошларим шу касалликка чалинишди.

Тизимни танқид қилиб, шифокорларни ёмонлаб ўтирадиган вақт эмас ҳозир. Шу ўринда ҳамма ҳамкасбларимни ҳам сабр-бардошга чақираман, ҳар бир беморни ўз яқинларидек қабул қилиб даволашларини хоҳлардим, балки шу билан ўтган йилларда шифокорларнинг маълум маънода тўкилган обрўсини ҳам тиклашга ёрдам берган бўлардилар.

Юртдошларимиз эса ниҳоятда эҳтиёт бўлишлари шарт!

Мавзуга оид