17:56 / 22.07.2020
4864

11 йиллик таълим тизимига ўтилгач, ўқувчилар ўртасидаги жиноятчилик 2,5 баробарга камайгани маълум қилинди

Халқ таълими вазирлигининг хабар беришича, 12 йиллик таълим тизимидан 11 йиллик тизимга қайтилгани туфайли ўқувчилар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2,5 баробарга камайган.

«2017 йилдан эътиборан мамлакатимизда тўлиқ 9+3=12 йиллик таълим тизимидан 11 йиллик ўқишга ўтилди. Натижада, мактаб ва коллеж ўқувчилари томонидан содир этилган умумий жиноятлар сони 2,5 баробарга камайишига эришилди. Шу билан бирга, кўпчилик ота-оналар томонидан бу қарор тўғри қарор эканлиги эътироф этилди.

Бугунги кунда халқ таълими тизимида 9 942 та умумий ўрта таълим мактабларида 6,2 млн. нафарга яқин ўқувчи таҳсил олаётган бўлиб, уларга 481 минг нафар ўқитувчи таълим-тарбия бериб келмоқда.

Умумтаълим мактабларида ўқувчилар томонидан содир этилиши мумкин бўлган турли ғайриижтимоий ҳатти-харакатларнинг олдини олиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Айтиш жоизки, бугун халқ таълими соҳасида тарбияси оғир, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил ўқувчилар билан тизимли ишлар йўлга қўйилган.

«Давомат», «Ўқувчи» тадбирлари мактабга мунтазам келмаётган ўқувчиларни мактабга қайтариш чораларини кўриш мақсадида жорий этилган» дейилади ХТВ ахборот хизматининг хабарида.

Қайд этилишича, ғайриижтимоий ҳатти-харакатларни содир этишга мойил бўлган ўқувчиларни мактабнинг ички назоратига олиниши тизимининг мавжудлиги бундай категориядаги ўқувчилар томонидан кейинчалик жиноятлар содир этилишининг олдини олишда фойдали бўлмоқда.

«Сўнгги йиллар давомида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида содир этилган жиноятчиликнинг коэффиценти таҳлил қилинганда 2016 йилда ҳар 10 минг нафар ўқувчидан 0,9 нафари жиноят содир этган, 2017 йилда ушбу кўрсатгич 0,8 ўқувчи, 2018 йилга келиб 0,8 ўқувчини ташкил этган бўлса, 2019 йилнинг 12 ойи ҳолатига 0,7 ўқувчини ташкил қилди.

Касб-ҳунар таълими тизимидага ҳолатни таҳлил қиладиган бўлсак мазкур кўрсаткич 2016 йилда — 10 ўқувчи, 2017 йилда— 10, 2018 йилда— 9, 2019 йилда— 8 ни ташкил қилган.

Мамлакатимизда 11 йиллик таълимнинг қайта тикланиши натижасида республикада жами вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг коэффиценти 2016 йилда — 2,4 ни ташкил қилган бўлса, 2019 йилда мазкур кўрсатгич 1,0 ни ташкил этди. Мазкур ҳолат 11 йиллик таълим тизимига қайтиш қарори тўғри бўлганлигининг ёрқин исботи сифатида хизмат қилади.

Солиштириш учун, 2019 йилнинг якуни ҳолатига мазкур кўрсатгич АҚШда — 44,7 ўқувчи, Россия Федерациясида — 23,7 ўқувчи Қозоғистонда — 7,6 ўқувчи, Тожикистонда — 3,6 ўқувчини ташкил қилган», дея ХТВ ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top