17:55 / 25.07.2020
9326

Ўзбекистон шаҳарларида чиқиндилар муаммоси: масалага замонавий ечим таклиф этилмоқда

Рустам Ибрагимов ишлаб чиққан Ecocity чиқинди қутилари ўз-ўзини молиялаштира олади. Уларни ўрнатиш орқали давлат бюджетидан ажратиладиган сарф-харажатларни тежаш ва чиқинди қутиларини кўпайтириш мумкин.

Ён-атрофга, тўғри келган жойга чиқиндиларнинг ташлаб кетилиши аксар ҳолларда чиқинди қутилари етишмаслиги ёки аҳолининг чиқинди ташлаш маданияти юқори эмаслигини билан изоҳланади.

Бу муаммони ҳал қилиш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказининг Тижоратлаштириш ва технологиялар трансфери бўлими етакчи мутахассиси Рустам Ибрагимов Ecocity чиқинди қутиларини ишлаб чиқди.

Лойиҳанинг илк намунаси ҳозир Инновацион ривожланиш вазирлигига ўрнатилган ва синовдан ўтказилмоқда.

«Инновацион чиқинди қутилари ўз-ўзини молиялаштирувчи ва қувватловчи тарзда ишлаб чиқилган. Бу чиқиндилар учун давлат томонидан ажратиладиган маблағни тежашга ёрдам беради», – дейди лойиҳа муаллифи.

Рустам Ибрагимовнинг тушунтиришича, битта қутининг алоҳида 3та тортмачалари бўлиб, улар калит билан очилади. Калит эса универсал қилиб ясалади ва кейинчалик ўрнатиладиган ҳар бир қутини у билан очса бўлади.

Чиқинди қутидаги қулайликлар

Чиқинди қутиларининг ҳар бирига LED экранлар ўрнатилган, лекин улар ортиқча сарф-харажат талаб қилмайди. Сабаби қутиларнинг юқори қисмига қуёш батареялари ўрнатилади.

Экранларда чиқиндини тўғри келган ерга ташлаш тўғри эмаслиги ҳақида ижтимоий роликлар ва турли рекламалар жойлаштирилади.

Рекламалар учун тадбиркорлар тўлаган пулни эса чиқиндиларни олиб кетадиган ҳудудий ободонлаштириш бошқармалари ходимларига иш ҳақи сифатида бериш, кейинги қутиларни ўрнатишга сарфлаш мумкин.

Ҳозирга қадар қор ва ёмғирда экраннинг чидамлилиги синовдан ўтказилиб кўрилган, энди қуёш ҳароратига бардош бера олиши кузатилмоқда.

Бундан ташқари, ҳозирги ягона инновацион чиқинди қутига кузатув камераси ўрнатилган, кейинчалик ўрнатиладиганларини ҳам кузатув камералари билан жиҳозлаш режалаштирилган. Бу камералар ИИВ билан интеграция қилинади ва ўша ҳудуд хавфсизлигини таъминлашга ёрдам беради.

Қутиларга бепул Wi-Fi қурилмалари ўрнатилиши ҳам режалаштирилган.

10та қути яна ўнтани молиялаштириши керак

«Лойиҳани оммалаштира олсак, давлат бюджетидан чиқиндилар учун сарфланадиган пуллар тежалади ва атроф-муҳит тозалиги яхшиланади.

Ҳозир инновацион чиқинди лойиҳаси Инновацион ривожланиш вазирлигига стартап лойиҳаси сифатида тақдим этилган. Агар вазирлик маблағ ажратса, кейинги ойда худди шундай қутилардан 100тасини Тошкент шаҳри бўйлаб ўрнатишни режалаштирганмиз. Лойиҳа ўзини оқласа, занжир тарзида ҳар 10та қутининг маблағига бир вилоятда яна шундай қутиларни ўрнатиб борамиз», – дейди Рустам Ибрагимов.

Зилола Ғайбуллаева
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов

Top