14:39 / 26.07.2020
40065

«ДТМ ўзгармаса, фойдаси йўқ» — таълимдаги икки имтиҳон бирлаштирилиши ҳақида эксперт билан суҳбат

Ўзбекистонда умумтаълим мактаблари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ва олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини унификация қилиш ва ягона имтиҳонни жорий этиш режалаштирилмоқда.

Бу бўйича эълон қилинган президент қарори лойиҳасида 2021-2022 ўқув йилида тажриба синов тариқасида Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган ҳудуддаги умумий ўрта мактаб ва академик лицей, 2022-2023 ўқув йилидан эса барча имтиҳонлар унификация қилиниб, ягона тест синовларини ўтказиш йўлга қўйилиши таклиф қилинмоқда.

Kun.uz мухбири таълим дастурлари, педагогика ва тестология бўйича эксперт Комилжон Жалилов билан интервью ташкил қилди ва янги тизим бўйича пайдо бўлаётган бир қатор саволларга жавоб олди.

– Мактаб битирувчилари аттестацияси ва ОТМга кириш имтиҳонлари бирлаштирилиши – таълим тизимида сезиларли, кескин қадам. Сизнингча, ўзгариш нима учун қилиняпти ва у бизга реал ижобий ўзгаришларни бера оладими?

– Бу, албатта, жуда катта қадам. Мен ўзим анчадан бери бундай бирлаштириш зарурати ҳақида бонг уриб келаман ва ниҳоят, бу борада реал қадамлар ташлана бошлангани қувонарли.

Қизиқ жиҳати – реал қадамлар президент гапидан, қароридан кейин ташлана бошланди. Яъни бизда шунча вазирликлар ва бошқа ташкилотлар бўлса ҳам, ҳар бирининг аниқ вазифаси, ваколат доираси бўлса ҳам, негадир бирор соҳага бирон бир янгилик кириб келиши учун албатта президент аралашиши, президент нимадир дейиши керак. Ҳеч бир ташкилот ўзидан билиб, «мана бу соҳага мана бу янгиликни олиб кирайлик», демайди. Унда шунча ташкилотнинг нима кераги бор, деган савол туғилади.

Асосий масалага қайтсак. Назаримда, мактаб битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ва кириш имтиҳонларини бирлаштиришнинг энг катта ижобий тарафи – болалар учун ортиқча стресснинг олдини олинади. Тасаввур қилинг, мактабни битираётган бола қисқа вақт ичида ҳам мактабида якуний давлат аттестациясини топшириши керак, ҳам ОТМга кириш имтиҳонларига тайёрланиши керак. Бу ҳар қандай бола учун ортиқча юклама. Энди бу иккита жараён бирлашиб, бола ортиқча юкламадан халос бўлади.

Иккинчи жиҳати. Тан олиш керак, мактабдаги якуний давлат аттестацияси аксар ҳолларда формал, номига ўтадиган, боланинг реал билимини кўрсатиб бермайдиган жараён. Оддий савол. Битта мактаб якуний давлат аттестациясида бир фандан ўқувчига «беш» баҳо қўйди. Шу «беш» билан бошқа мактаб ўз битирувчисига қўйган «беш» тенг кучли, яъни икки битирувчининг билим даражаси тенг деб ишонч билан айта оламизми? Назаримда, йўқ. Сабаби – мактабда қўйиладиган баҳолар кўп ҳолларда субъектив, боланинг ҳақиқий билим даражасини акс эттирмайди. Мактаб битирувчилари билимига ташқаридан баҳо берилиши мактабларни объектив солиштириш имконини беради.

Шу билан бирга, эълон қилинган қарор лойиҳасини ўқиб шундай хулосага келдим: бизда, мавжуд шарт-шароитларда бу ўзгаришнинг ўзбек таълим тизимига ҳақиқатда реал ижобий ўзгаришлар олиб келиши даргумон. Бунинг сабаби тест синовларини ўтказишга масъул ташкилот – Давлат тест марказининг тест саволларини (тестологияда, яъни баҳолаш ҳақидаги фанда «тест топшириқлари» дейилади) тузишга бўлган ёндашувидир.

Шу соҳа мутахассиси сифатида менда шундай таассурот пайдо бўлдики, Давлат тест маркази учун тест топшириқларининг тестологияда қабул қилинган талаблар, стандартларга жавоб бериши, уларнинг валидлиги, ишончлилиги – ўнинчи, боринг-ки, йигирманчи даражадаги масала. Асосийси – жараённи «силлиққина» ўтказиб олиш ва ҳисобот бериш: «шунча абитуриент қатнашди, ўртача балл шунчани ташкил этди». Бироқ тест топшириқларининг яратилиши, апробациясидан бошлаб, тест натижаларининг қайта ишланиши ва эълон қилинишига – бирон бир бир босқич тестологиянинг ҳатто энг оддий талабларига жавоб бермайди.

Мисол учун, дарсликда кўзга «чиройли» кўринган ҳар қандай жумла олинади ва унинг асосида тест топшириғи тузилади. Ҳеч ким ўйлаб ўтирмайди: тўхта, ўзи бу тест топшириғи мактаб боласи эгаллаши керак бўлган қандай компетенцияни текширяпти? Ҳатто элементар тест топшириқлари спецификацияси ҳам мавжуд эмас. Ваҳоланки, бундай ҳужжат (спецификация) расмий манбада эълон қилиниши ва тест тузишда унга қатъий риоя қилиниши керак.

Мана шундай тест топшириқлари билан база тўлдирилади, бу базанинг маълум бир кичик фоизигина тор доирада апробациядан ўтказилади ва шу асосда бутун база ҳақида хулоса чиқарилади. Ваҳоланки, ҳар қандай тест топшириғи кенг миқёсда апробациядан ўтказилиши керак – базадаги айрим топшириқлар асосида бутун базадаги топшириқларнинг сифати ҳақида хулоса чиқариш мумкин эмас.

Кейин, топшириқлар компьютерда генерация қилиниб, тест вариантлари тузилади, лекин тест натижаларини эълон қилишда натижалар ягона шкалага келтирилмайди, шунчаки абитуриентнинг тўғри жавоблари сони маълум бир коеффициентга (3.1, 2.1 ва ҳоказо) кўпайтирилади. Ваҳоланки, кенг миқёсда ва доимий равишда ўтказиладиган ҳар қандай тест натижалари ягона шкалага келтирилиши керак, чунки турли тест вариантларини ечган абитуриентларнинг натижаларини солиштириш имкони бўлиши керак.

Кўриб турганимиздай, жараён бошдан охиригача биронта ҳам илмий талабга жавоб бермайди.

Жараённинг илмий талабларга жавоб бермаслиги жуда катта муаммони туғдиради: илмий асосланмаган тестлар таълим тизимини хароб қилиши илмий адабиётларда кўп давлатлар мисолида етарлича ўз исботини топган. Шундай муаммолардан бири – мактаб бериши керак бўлган компетенциялар бошқа, тест эса бутунлай бошқа нарсани текширади. Бу дегани ўша-ўша ҳолат қайтарилаверади: юқори синфлар ўқувчилари мактабга номига қатнайди ёки уларнинг ота-оналари боласининг имкон қадар мактабга қатнамаслиги чорасини қидиради, бола эса тест учун хотирасини чархлаш ва механик тезлигини ошириш мақсадида репетиторма-репетитор югуради.

Давлат тест маркази ўз ишига бўлган ёндашувни ўзгартирмас экан, ёки юқори турувчи ташкилотлар, жамоатчилик ДТМни шунга мажбурламас экан, мактаб битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ва кириш имтиҳонларини бирлаштириш ўзбек таълим тизимига ижобий ўзгаришлар олиб келишини кутиш мантиқсизликдир.

Қарийб 30 йил давомида ДТМ томонидан ишлатиладиган тестларнинг валидлиги, ишончлилиги бўйича биронта ҳисобот эълон қилинмаган. Биронта матбуот анжумани ёки брифингда ДТМ бундай натижаларни жамоатчиликка эълон қилмаган.

Эълон қилинган қарор лойиҳасида ҳам фақат ташкилий, жараён билан боғлиқ масалалар ҳақида гап кетган, ҳатто тест натижалари асосида мактаблар раҳбарлари ва ўқитувчилари рағбатлантириши айтилган, лекин лойиҳа муаллифи бўлмиш ДТМ қарор лойиҳасининг бирон жойида ўзига тестларни илмий асослаб бериш вазифасини юкламаган.

АҚШда, масалан, тестга масъул ташкилотлар ўз тестларининг валидлиги ва ишончлилигини исботлай олмаса, ҳар қандай абитуриент судда уларни «олиб бориб, олиб келади». Биз ҳам ёки шундай ишлашимиз керак, ёки қўпол қилиб айтганда карам шўрвани йиғиштиришимиз керак.

– Бу тизимдаги коррупция ҳақида ҳам кўп гапиришади. Олий таълимга киришдаги коррупция ҳолатлари энди бирлашган имтиҳон жараёнларига кўчади, деб тахмин қилаётганлар кам эмас. Янада кенгроқ масштабда. Шу каби тахминларга фикрингиз қандай?

– Балки. Бу бўйича фикр билдиришим қийин. Шу ёз давомида ОАВларда неча марта ҳали у, ҳали бу олийгоҳ вакилларининг «ўқишга киритаман» деб пул олаётганда қўлга тушгани ҳақида янгиликлар тарқалди? Кунда-кунора шундай янгиликлар чиқиб турди, тўғрими? Лекин бирон марта ўша ўқишга киритишни ваъда қилаётганларнинг орқасида қандай кучлар тургани ўрганилмади, иш мантиқан охиригача олиб борилмади.

Ахир ўша олийгоҳ вакили ҳам қўлидан келмайдиган ишга бировни ишонтириб пулини олмайди, назаримда. Бир нарсага ишонган, бир нарсани режалаштирган бўлиши керак.

Коррупцияга қарши кураш самимий бўлиши керак ва фақат пастдаги «майда балиқлар» билан чекланмаслиги керак. Акс ҳолда ҳар қандай тизимда коррупцион ҳолатлар бўлаверади.

– Халқаро тажриба ҳақида гаплашсак. Айтинг-чи, бирлашган тизимдан ҳозирда қайси давлатлар фойдаланмоқда ва бу уларда қандай натижа беряпти? Тўғри, юқорида айтганингиздек, қайсидир тизим апробацияси турли давлатларда турлича натижа берар, лекин қандайдир хулосаларни қилиш мумкин.

– Бундай тизимда ишлайдиган давлатлар кўп. Масалан, Буюк Британияда мактаб битирувчиси топширадиган «A level» (А даража) деб аталадиган имтиҳонлар натижаларига қараб ОТМларга қабул қилинади. Қизиғи – у ерда бундай имтиҳонларни ўтказишга масъул бир қанча нодавлат ташкилотлари мавжуд ва мактаб исталган бирига мурожаат қилиши мумкин.

АҚШда ҳам мактаб битирувчиларининг имтиҳонларини бир қанча нодавлат ташкилотлари ўтказишади. ОТМларнинг бундай ташкилотлар берадиган натижаларига ишониши сабаби – юқорида қабул қилинган қарор ёки фармон эмас, балки шу ташкилотларнинг ўз тестларини илмий асосда исботлаб бера олиши.

Россияда мактаб битурувчилари топширадиган «ЕГЭ» (ягона давлат имтиҳони) деб номланадиган имтиҳон мавжуд. Кўп Европа давлатларида – «Матура» ёки «Абитур». Бу тизим ишлатиладиган давлатларда уларнинг тарафдорлари ҳам, қаршилар ҳам етарлича топилади. Лекин энг асосийси – тестларнинг илмий асоси, валидлиги, ишончлилиги бўйича илмий изланишлар олиб борилади, мақолалар, ҳисоботлар эълон қилинади, тестларнинг таълимга ижобий ёки салбий таъсири доимий мониторинг қилиб борилади. Бу эса соҳа мутахассислари ва жамоатчилик назоратини таъминлайди, тест билан шуғулланадиган ташкилотларни ўз билганича иш қилмасдан, илмий талаблар билан ҳисоблашишга мажбур қилади.

– Имтиҳонлар бирлаштирилиши ҳақида ўйлар экансиз, хаёлга беихтиёр дунёнинг энг кучли ОТМлари: Йель, Ҳарвард, Стенфорд ёки Оксфордга бўладиган имтиҳонлар келади. Бу жуда мураккаб ва мустақил тизим. Бизда бу масала қандай ҳал қилинади?

– Юқорида айтдим, бундай тизим амал қиладиган давлатларда тизимни қўллаб-қувватлайдиганлар ҳам, қаршилар ҳам топилади. Яна бир нарса. Ҳарвардга ўхшаган олийгоҳлар хусусий, улар молиявий жиҳатдан ҳам, академик жиҳатдан ҳам мустақилдирлар. Бундай олийгоҳларнинг ички ишига мамлакат президенти ҳам аралаша олмайди.

Умуман, АҚШда, Европа давлаларида ҳар қандай масала давлат раҳбари ёки ҳукумат қарори билан тартибга солиниши одати мавжуд эмас. Ҳеч эшитганмисиз Британия ОТМларида янги йўналишлар Елизавета II фармони билан ташкил қилинишини? Ёки Германия олийгоҳи Ангела Меркел фармони билан кимгадир фан доктори даражаси берганини?

Балким Ҳарвард бошқаларга нисбатан кучлироқ талаб қўя олгани учун ҳам Ҳарварддир? Ахир ҳамма ҳам Ҳарвардда ўқийвермайди-ку. Кимларни, қай асосда ўқишга қабул қилишини ҳам мустақил ҳал қила олмайдиган олийгоҳдан оламшумул илмий янгиликлар кутиш мантиқсизлик, назаримда.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Мавзу
Қабул-2020
20 июнь куни ОТМларга ҳужжат қабул қилиш бошланди. Имтиҳонлар 1 август куни бошланиши режалаштирилмоқда.
Барчаси
Top