12:45 / 28.07.2020
3469

Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари мамлакатдаги миссиясини якунламоқда

Эдуардс Стипрайс ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари сифатидаги фаолияти давомида кўрсатилган ҳар томонлама кўмак учун ташаккур билдирди. 

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2020 йилнинг 28 июль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатдаги миссиясини якунлаётган Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайсни қабул қилди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди.

Бўлажак қўшма тадбирлар жадвали, жумладан Тошкент шаҳрида Марказий Осиё минтақасида муштаракликни ва барқарор ривожланишни мустаҳкамлаш бўйича «Европа иттифоқи – Марказий Осиё» вазирлар конференциясини ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликнинг, иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш, илм-фан ва маданият жабҳаларидаги ҳамда таълим соҳасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга оид амалий масалалар ечимига қаратилган инвестицион лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишда ЙИ иштирокининг муҳим аҳамияти таъкидланди.

2019 йил якунларига кўра 4 миллиард АҚШ долларини ташкил этган ўзаро савдо айланмаси ҳажмларини янада оширишнинг зарурлиги қайд этилди.

Суҳбат охирида вазир ЕИ делегацияси раҳбарига самарали фаолияти ҳамда Ўзбекистон ва Евроиттифоқ ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссаси учун миннатдорчилик изҳор этди.

Эдуардс Стипрайс ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари сифатидаги фаолияти давомида кўрсатилган ҳар томонлама кўмак учун ташаккур билдирди, дейилади маълумотда. 

Top