23:15 / 01.08.2020
4633

Давлат хизматлари марказларининг тўқсонга яқин инновацион биноси қурилмоқда – ДХА

Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида давлат хизматлари марказларининг тўқсонга яқин инновацион биноси қурилмоқда, деб хабар бермоқда агентлик ахборот хизмати.

«Аҳолига қулайлик яратиш, шунингдек, давлат хизматлари марказлари инфратузилмасини такомиллаштириш мақсадида шу пайтгача давлат хизматлари марказларининг 96 та инновацион биноси фойдаланишга топширилди.

Ушбу биноларнинг 42 таси давлат-хусусий шериклик шартлари асосида барпо этилган. Республика бўйича жами 87 та ДХМ биносини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриб битказиш бўйича инвесторлар билан келишувга эришилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Айни вақтда 90 га яқин шундай биноларни қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Туман марказидан узоқда жойлашган (100-300 км) ҳудудларда ҳамда аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, давлат хизматлари марказининг мавжуд 53 та филиаллари сони 57 тага етказилди. Ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда», дея агентлик директорининг матбуот котиби Севара Зокированинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ 2020 йил 6 ой давомида 189 та «Дамас» автомобиллари ва 20 та махсус жиҳозланган «Исузу» автобуслари орқали 80 мингга яқин сайёр хизмат кўрсатилгани маълум қилинган эди.

2020 йилнинг биринчи ярмида давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига кўрсатилган хизматлар сони 3,6 миллионтани ташкил этади, ушбу даврда хизматлари тури 13 тага кўпайиб, 143 тага етган.

Top