– Кимлар ҳеч қаерга мурожаат қилмасдан нафақаларини олиши мумкин?

– Президентнинг 74-сонли фармонига асосан жорий йил 1 октябридан бошлаб республикада илк бор нафақа тайинлашда проактив тизим жорий этилмоқда. Бу нафақа тайинлаш учун фуқаролар ҳеч қаерга мурожаат қилиши шарт бўлмаган тизимдир. Пенсия жамғармаси томонидан тайинланадиган 8 турдаги нафақадан 3 тури проактив тизимга ўтказиляпти. Булар:

  • 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларга нафақалар;
  • 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болаларни парваришловчи ота-оналар ва васийларга тайинланадиган парваришлаш нафақаси;
  • ОИТС билан касалланган 18 ёшгача болаларнинг ота-оналарига нафақалар.

Бугунги кунда ушбу 3 турдаги нафақаларга мурожаатлар 70 мингдан ортиқ ва бу ўз-ўзидан 70 минг фуқаронинг ортиқча оворагарчиликлари бартараф этилишини англатади.

– Ўзи бугунги кунда бу нафақаларни тайинлаш қандай амалга оширилади-ю, янги тизим билан нималар ўзгаради?

– Бугунги кунда юқоридаги тоифа нафақа олувчилари биринчи бўлиб тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг туман ва шаҳар бўлимларига мурожаат қиладилар ва уларга 18 ёшгача ногиронлик белгиланади. Белгилангандан сўнг, яқин қариндошлари – ота-онаси ёки васийси томонидан давлат хизматлари марказлари ва ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали пенсия жамғармасига электрон мурожаат юборилади. Мурожаатга асосан пенсия жамғармасининг дастурий таъминоти автоматик тарзда ушбу фуқарога нафақа тайинлар эди.

Ана энди 1 октябрдан бошлаб ўртадаги бир қадам бекор қилиниб 18 ёшгача болаликдан ногиронлик нафақаси маълумотлар базага киритилиши билан тайинланади. Яъни тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан дастурий таъминот орқали нафақани олувчи ( ота-она ёки васий) ҳамда ногиронлиги бўлган фуқаро ҳақидаги маълумотлар пенсия жамғармасига автоматик юборилгач, пенсия жамғармасининг ахборот тизими инсон омилисиз 20-30 сонияда нафақа тайинлайди. Шундан кейин дастур фуқарога нафақа тайинланганлиги тўғрисида смс-хабар юборади. Яъни энди фуқаролар ортиқча оворагарчиликсиз, қоғоз шаклидаги ҳужжатларни кўтариб, идорама-идора юришлари бартараф этилди.

Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг туман ва шаҳар бўлимлари ўзининг дастурий таъминотлари орқали ногирон боланинг маълумотлари ва нафақани олувчи – ота-онаси, васийси ёки яқин қариндошларининг маълумотларини қўшиб пенсия жамғармаси ахборот тизимига жўнатади. Пенсия дастурий таъминоти автоматик тарзда шу фуқарога нафақа тайинлайди.