08:16 / 02.08.2020
3027

Facebook Бразилия президенти тарафдорларининг саҳифаларини блоклашга мажбурланди

Facebook Бразилия президенти Жаир Болсонарунинг 12 нафар асосий тарафдорларининг саҳифаларини блоклашга мажбур бўлди. Ушбу одамлар судьялар ҳақида ёлғон хабарларни тарқатишда айбланган. 

Май ойида Бразилия суди фейсбукдаги 12 та ва твиттердаги 16 та профилни блоклаш ҳақида қарор чиқарган. 

Саҳифалари блокланган кишилар орасида Бразилия президенти партияси раҳбари Роберту Жефферсон ва бразилиялик таниқли тадбиркор Лусиану Ханг бор.

Аввалроқ Facebook суднинг ушбу қарорини бажаришдан бош тортган. Компания раҳбарияти буни сўз эркинлигига таҳдид деб атаган ва у бўйича судга шикоят қилишини айтган.

31 июлда Бразилия олий суди Facebook’ни кўрсатилган саҳифаларни бутун дунё бўйлаб блоклашдан бош тортаётгани учун жаримага тортган. Ҳозирда ушбу саҳифаларга Бразилиядагина кириш тўсилган. Facebook’га солинган жарима 1,92 млн реални (367 минг доллар атрофида) ташкил қилган. Таъкидланишича, жарима миқдори қарорни бажармаганлик учун ҳар куни 100 минг реалга ошиб боради.

Ҳозирча Twitter’нинг Болсонару тарафдорлари саҳифаларини блоклагани ёки йўқлиги ҳақида маълумот йўқ.

Facebook июлда Бразилияда фейсбук ва инстаграмда бир неча ўнлаб саҳифаларни блоклаб қўйганди. Компания буни аккаунтлар эгалари сохта номлардан фойдаланиб, ўзларини журналистлар ва ОАВ вакиллари қилиб кўрсатгани билан тушунтирган. Таъкидланишича, гўёки бу саҳифалар Болсонару маъмурияти ходимлари, унинг ўғиллари Эдуарду ва Флавиу билан боғлиқ бўлган.

Top