08:37 / 06.08.2020
3995

Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари дунёнинг йирик брендлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиши мумкин

Ўзбекистонда ижтимоий масъулиятли ва экологик жиҳатдан барқарор пахта хом ашёсини ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ХМК лойиҳаси Маслаҳат кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 4 август куни видеоконференция шаклида Ўзбекистонда ижтимоий масъулиятли ва экология жиҳатидан барқарор пахта хом ашёсини ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича Халқаро молия корпорацияси (ХМК) лойиҳаси Маслаҳат кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, тадбирда Жаҳон банки гуруҳи, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Better Cotton Initiative (BCI) ташкилоти, Responsible Sourcing Network (масъул етказиб берувчиларнинг тармоғи), Cotton Campaign коалициясига кирувчи нодавлат ташкилотлари ва хорижий тўқимачилик компанияларининг вакиллари иштирок этди.

2017 йилда ишга туширилган ХМКнинг Ўзбекистонда ижтимоий масъулиятли ва экологик барқарор пахта ишлаб чиқаришни ривожлантириш лойиҳаси BCI (Энг яхши пахта ташаббуси) пахта хом ашёсини ишлаб чиқаришнинг стандартларига мувофиқ замонавий халқаро талабларга жавоб берадиган пахта етиштириш жараёнлари ва технологияларини жорий этишга йўналтирилган.

«BCI» - халқаро нотижорат ташкилот, унинг мақсади - барқарор товар сифатида Better Cotton (яъни BCI барқарор ишлаб чиқариш стандартлари бўйича етиштирилган пахта) ишлаб чиқарилишини ривожлантириш орқали бутун дунё бўйлаб пахта хом ашёсини ишлаб чиқаришни ўзгартириш ҳисобланади.

H&M, Levi's, Adidas, Nike ва бошқалар каби таниқли кийим-кечак брендлари ўз маҳсулотларида фақат барқарор пахта хом ашёсини, жумладан, BCI стандартлар тизимига мувофиқ етиштирилган пахтадан фойдаланишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйдилар. IKEA BCI методологияси асосида етиштирилган ҳамда бошқа барқарор пахта хом ашёсидан фойдаланишга, жумладан органик ва қайта ишланган пахта хомашёсидан фойдаланишга тўлиқ ўтди.

Йиғилиш давомида пахтачилик соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш ҳамда барқарорлик ва халқаро бозорларга масъулиятли етказиб бериш талабларига мувофиқ пахта етиштиришнинг замонавий усулларини жорий этиш бўйича Лойиҳа доирасида эришилган натижалар батафсил муҳокама қилинди.

Cotton Campaign коалицияси аъзолари 2019 йилги пахта хом ашё ҳосилини мустақил мониторинг қилиш натижалари ва масъул етказиб берувчи манбалар тўғрисидаги Битим лойиҳасини тақдим этдилар. Ушбу Битимнинг имзоланиши пахтани қайта ишлаш саноати соҳасида корпоратив бошқарувнинг илғор амалиётларини жорий этишга, халқаро брендлар томонидан комплекс текширув ва масъулиятли харидлар соҳасидаги талабларнинг бажарилиши, шунингдек, RSA (RSA Eligibility Scorecard System) Мувофиқликни баҳолаш тизими бўйича ўзбек пахта-тўқимачилик кластерлари баҳоланадиган механизмни жорий этилишига кўмаклашади.

Йиғилиш давомида, лойиҳа маслаҳатчиларидан бири, Буюк Британиянинг Ergon Associates компанияси раҳбарияти Ўзбекистонда ушбу тизимни ишга тушириш Режасини кўриб чиқиш учун тайёргарлик босқичи бўлган BCI (Scoping Study) стандартлари тизимини синчковлик билан ўрганиш бўйича олиб борилган ишлари тўғрисида маълумот тақдим этди.

Ўзбекистон томони республика ҳукумати томонидан пахтани қайта ишлаш саноати соҳасида шаффофликни таъминлаш, шунингдек, пахта ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва механизациялаш даражасини ошириш бўйича кўрилаётган чоралар натижалари ва ушбу йўналишларда халқаро ташкилотлар, жумладан, ХМК, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Cotton Campaign коалицияси билан ҳамкорликни давом эттириши тўғрисида маълумот берди.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ХМКнинг мамлакат пахта соҳасидаги ислоҳотларни ривожлантиришдаги инструментал ролини юқори баҳолаши ва ушбу масалада самарали ҳамкорлик қилишни мўлжалланаётганлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунларига кўра, Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерларига дунёнинг йирик брендлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни яқин вақтларда йўлга қўйишга имкон берадиган масъул етказиб берувчи манбалар тўғрисида Битим лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқишни жадаллаштириш тўғрисидаги келишувга эришилди.

Top