18:53 / 07.08.2020
8371

Ўзбекистонда ҳар учта қотилликдан биттаси қариндошлар орасида рўй бермоқда — ИИВ

Сенат ялпи мажлисида чиқиш қилган ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 2020 йилнинг дастлабки 6 ойида республика бўйича қайд этилган жиноятчилик кўрсаткичлари ҳақида маълумот берди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Унга кўра, жорий йилнинг январь-июнь ойларида республика бўйича 21 353та жиноят содир этилган.

«Ҳозиргача жиноятчилик кўрсаткичларини олдинги йилларга солиштирган ҳолда юритиш амалиёти қўлланилган эди. Эндиликда халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда, жиноятчилик статистикаси республика аҳолисининг ҳар 100 минг нафарига тўғри келадиган улушдан келиб чиққан ҳолда юритилмоқда.

2020 йилнинг дастлабки 6 ойида 21 535та жиноят содир этилган бўлиб, бу ҳар 100 минг кишига ўртача 60та жиноят дегани. 2019 йилда ҳар 100 минг кишига 139та жиноят ҳолати тўғри келган бўлиб, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари орасидаги энг ижобий натижа сифатида қайд этилган.

Таҳлилларга кўра, жиноятларнинг ҳар учинчиси (35 фоизи) олдинги йилларда содир этилган, аммо жиноят иши энди қўзғатилган. Ўтган олти ойда кузатилган жиноятларнинг 95,2 фоизи фош қилинди, тергов органларидан яшириниб юрган 1051 нафар шахс қўлга олинди, 261 нафар бедарак йўқолганлар топилди», дея Пўлат Бобожоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Вазир оила муносабатлари доирасида содир этилаётган жиноятлар масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

«Карантин туфайли кўпчилик уйда вақт ўтказмоқда. Расмий маълумотларга кўра, узоқ муддат чет элда юрган фуқароларнинг 112 минг нафари қайтиб келган.

Ўтган 6 ойда республика бўйича кузатилган қотиллик жиноятларининг ҳар учинчиси (203та ҳолатдан 71таси), оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг ҳар бешинчиси оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилмоқда.

Шунингдек, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг ҳар олтинчиси ўз вақтида ҳал этилмаган оилавий келишмовчиликлар натижасида амалга оширилган», – деди Пўлат Бобожонов.

Top