16:27 / 08.08.2020
12640

Умумий тиббиётга бўлган ишонч йўқолиши мумкин – блогерлар коронавирусни даволашга оид маълумотлардаги ноаниқликларга муносабат билдирди

Бугун, 8 август куни Халқаро пресс клубнинг навбатдаги сессиясида блогерлар эълон қилинаётган коронавирусга оид маълумотларда ноаниқликлар кузатилаётгани ҳақида муносабат билдирди. Уларнинг қайд этишича, тор илмий доираларда ҳал қилиниши керак бўлган масалалар аниқлаштирилиб, кейин оммага маълум қилиниши, барча тавсиялар бир-бирига мос келиши керак.

Блогер, журналист Азиза Қурбонованинг таъкидлашича, коронавирус билан боғлиқ ҳамма саволларга жавоб бериши керак бўлган одамларнинг ўзида шубҳа бўлмаслиги керак.

«Агар қайсидир шифокор осма укол (томчи дори) олма, қайсидир шифокор эса бусиз даволана олмайсан, дейдиган бўлса, халқ кимга ишониши керак? Қайси блогер, қайси журналист бундай маълумотнинг тўғрилигини текшириб кўра олади? Фақат тиббий ниқоблар билан боғлиқ эмас, инсонлар тақдири билан боғлиқ ҳали охирига етказилмаган қарорлар ёки тавсияларни текшириш имкони йўқ. Шунинг учун бугун одамлар орасида ахборот бўлиниши кузатилмоқда: кимдир бир тарафга, яна кимдир эса бошқа бир тарафга ишонади», - дея муносабат билдирди Азиза Қурбонова.

Блогер ўзи ҳам шифокор оиласидан эканини, уларнинг меҳнатини қадрлашини, лекин эълон қилинадиган қарорлар, тавсиялар бир-бирига мос келиши кераклигини айтиб ўтди.

Блогер Шаҳноза Соатова эса тор илмий доираларда ҳал қилиниши керак бўлган масалалар аниқлаштирилиб, кейин оммага маълум қилиниши кераклигини таъкидлади.

«Ҳозир одамлар гангиб қолгани сезиляпти. Бу умумий тиббиётга бўлган ишонч йўқолиб, одамлар халқ табобатидан фойдаланиши ёки умуман даволанмай қўйиши ва ёки ўзбошимчалик билан даволанишига олиб келиши мумкин.

Бу битта препарат етказган зарардан каттароқ бўлиши мумкин», - деди Шаҳноза Соатова.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top