Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) қўмитаси Женевада йиғилиб, COVID-19 пандемиясини тугаган деб эълон қилиш мумкинми ёки йўқлигини муҳокама қилишни бошлади.

Хитойда ковиднинг янги тўлқини пандемия якунланганини эълон қилиш масаласини савол остида қолдирди. Фото: EPA

Ўтган йил охирида ташкилот раҳбари коронавирус билан боғлиқ фавқулодда ҳолат тез орада бекор қилинишига умид билдирганди, бироқ Хитойда коронавирус тарқалиши кескин авж олиши ва 2023 йил бошида ўлим ҳолатлари сони глобал кўпайиши бу прогнозларни шубҳа остига қўймоқда.

ЖССТ коронавирусни глобал пандемия деб эълон қилганидан уч йил ўтиб, ташкилотнинг Фавқулодда вазиятлар қўмитаси ушбу касаллик ҳали ҳам дунё аҳолиси учун жиддий хавф туғдирадими ёки йўқлигини баҳоламоқда.

Мутахассислар ўз хулосаларини ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесусга маълум қилади, улар асосида пандемия ҳолатини ўзгартириш ёки сақлаб қолиш бўйича якуний қарор қабул қилинади.

Касаллик тарқалиши ҳозирда халқаро аҳамиятга эга бўлган соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятдир. Бу ЖССТ таснифига кўра таҳдиднинг энг юқори даражасидир.

Риторика ўзгарди

Ўтган йил сентябр ойида Гебрейесус пандемия тугашига оз вақт қолганига ишонч билдирган ва декабрда унинг 2023 йилда тугашига умид билдирганди.

Ўша пайтда, ЖССТ маълумотларига кўра, дунёда ковид билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг ўртача сони ҳафтасига 10 000 кишини ташкил этган – бу 2022 йил январига нисбатан беш баравар кам.

Бироқ, ўтган ҳафта ЖССТ раҳбари декабр ойидан бери дунё бўйлаб ковиддан вафот этганлар сони кўпайганидан хавотирда эканини билдирди.

Хитойда «нол бардошлилик» сиёсати бекор қилинганидан беш ҳафта ўтиб, расмийларга кўра, шифохоналарда Covid-19 билан боғлиқ 60 минг ўлим ҳолати қайд этилган. Фото: Reuters

ЖССТ маълумотларига кўра, сўнгги саккиз ҳафта ичида дунёда 170 минг киши ковиддан вафот этган ва бу фақат рўйхатга олинган ўлимлар, ҳақиқий рақамлар анча юқори, деди Гебрейесус матбуот анжуманида.