18:54 / 09.08.2020
6716

Тақсимот марказлари вентиляция тизими орқали инфекция тарқалишидан ҳимоялангани айтилди

Пандемия даврида Тошкентда ташкил этилган саралаш ва тақсимлаш марказларида ҳаво айланиши тизимлари орқали вирус тарқалишининг олди олинган, деб маълум қилди гимнастика саройидаги саралаш ва тақсимлаш маркази бош шифокори Алишер Ҳожиметов.

«Коронавирусга гумонланганларни саралаш бевосита бинонинг ичида эмас, яшил йўлакларда амалга оширилади. Фақат коронавирус аломатлари бор деб ҳисобланган беморларгина қизил ҳудудга киритилади.

Шунингдек, коронавирус ултрабинафша нурларидан қўрқиши ҳисобга олинган ҳолда ҳаво алмашинуви ултрабинафша нуридан ўтказилади. Шунинг учун саралаш ва тақсимлаш марказларидаги ходимлар касаллик юқтиришдан ҳимояланмаган, деб айтиш тўғри бўлмайди», – деди Алишер Ҳожиметов 9 август куни АОКАдаги матбуот анжуманида.

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Даминовнинг қўшимча қилишича, саралаш ва тақсимлаш марказларига асосан коронавирус белгилари бор беморлар олиб борилади. Ҳудудда ишлаётган шифокорлар ва техник ходимлар эса ҳимоя кийимларида эҳтиёткорлик чораларини кўрган ҳолда фаолият юритади.

Маълумот учун, Тошкент бўйлаб Юнусобод туманидаги «Ўзэкспомарказ» ва гимнастика саройи, Шайхонтоҳур туманидаги «Ёшлик» спорт мажмуаси, Сергели туманидаги 2-сон БЎСМ, Учтепа туманидаги «Атлас» мебеллар маркази каби мажмуалар тақсимот марказлари сифатида қайта жиҳозланган.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top