15:44 / 13.08.2020
2724

Халқаро эксперт маҳаллаларда масофавий таълимга кўмаклашиш марказларини ташкил этишни таклиф қилди

Анъанавий август кенгашида ЮНИСЕФ эксперти Мария Торо-Троконис Ўзбекистон мактаб ўқувчилари учун маҳалла биноларида масофавий таълимни ривожлантиришга кўмаклашувчи марказлар («Mahalla hub») ташкил қилиш таклифини берди.

Мария Торо-Троконис дарслар телевидение орқали намойиш қилинганда бир неча фарзанди ўқувчи бўлган оилаларда уйда фақат битта телевизор бўлгани туфайли телевизион дарсларни кўриш ва ўзлаштиришда муаммолар кузатилганини маълум қилди.

«Дарсни намойиш этилаётган вақтда кўриш имконига эга бўлган ўқувчиларда ҳам 20 дақиқалик дарсни тўлиқ ўзлаштиришга қийналган ҳолатлар ҳам бўлган. Бунга ўқитувчиларнинг тез гапириши ёки ўқувчиларнинг мавзуни турли тезликда ўзлаштириши ва уларнинг худди синфхонадагидек муаллимга савол билан мурожаат қила олмасликлари ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Бу жиҳатга ечим сифатида маҳалла биноларида марказлар («Mahalla hub») ташкил қилиш мумкин. Марказлар масофавий таълимни ривожлантиришга ёрдам беради. Мавжуд техникалар ёрдамида марказларда ўқувчилар турли видеодарслар ва тарқатма материаллардан фойдаланиш имконига эга бўлади.

Шунингдек, ўқитувчилар турли тарқатма материаллар тайёрлаши, махсус бириктирилган ходим эса уларни кўпайтириши ва бу материаллар ўқувчиларга маҳалла марказларида тарқатилиши мумкин. Шунингдек, ўқувчиларнинг уй вазифаларини бириктирилган ходим ўқитувчиларга етказиб бериб, баҳолатишгач яна ўқувчиларга тарқатишини ҳам йўлга қўйиш мумкин», дея таклиф берди Мария Торо-Троконис.

Халқаро эксперт телеграм ижтимоий тармоғидан дарс ўтишда самарали фойдаланишни ҳам таклиф сифатида билдирган. Телеграмда ҳам маълумот алмашишдан ташқари турли сўровномалар, бошқотирмалар ўтказиш, мавзулар муҳокамасини ташкил қилиш орқали болаларнинг дарсга фаол қатнашишларига эришиш имкони борлиги қайд этилган.

Top