16:19 / 04.10.2022
7939

Олий таълим ташкилотларида масофавий таълимни жорий этиш тартиби белгиланди

Ҳукумат қарори билан олий таълим ташкилотларида масофавий таълим шаклини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Фото: Getty Images

Масофавий таълим орқали олий таълим ташкилотларида бакалавриат ва магистратура босқичларида кадрларни тайёрлашни ташкил этиш тартиби белгиланди.

Бунинг учун таълим ташкилотида қуйидагилар бўлиши талаб этилади: масофавий таълимни бошқариш учун Learning Management System платформаси; интернетга уланиш ва фойдаланиш учун ахборот-коммуникация инфратузилмаси; ўқув йили учун мўлжалланган ўқув контенти; фанлар электрон ўқув-методик мажмуалари ҳамда илмий ва ўқув адабиётлари электрон базаси; компьютер техникаси билан жиҳозланган алоҳида бино ёки аудиториялар; техник ва дастурий компонентлар ишлашини таъминлайдиган муҳандис-техник ходимлар; таълим ташкилотига тегишли бўлган, мамлакат ҳудудида жойлашган сервер қурилмаси; таълим ташкилоти тўғрисидаги барча ахборотлар жойлаштирилган саҳифа.

Масофавий таълим жорий этиш мумкин бўлмаган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари ҳар йили 1 апрелгача эълон қилинади. Масофавий таълим асосида кадрлар тайёрлашда бир бакалавриат таълим йўналиши 300 нафар, бир магистратура мутахассислиги 30 нафар талабадан ортиқ бўлмаслиги лозим. 

Бунда: мазкур талаб ахборот-коммуникация технологиялари йўналишларига татбиқ этилмайди; талабалар сонини аниқлашда хорижий давлат фуқароси бўлган талабалар ҳисобга олинмайди.

Масофавий таълимда ўқишга қабул қилинган талаба қуйидаги ҳолларда олий таълим ташкилотига келиши шарт: ўқув жараёни бошланишидан аввал – LMS платформасида рўйхатдан ўтиш учун; ҳар семестр якунида – якуний назорат топшириш учун.

Якуний давлат аттестацияси, битирув малакавий ва магистрлик иши ҳимояси бевосита олий таълим ташкилотида анъанавий тарзда амалга оширилади, уларни синхрон ёки асинхрон режимида қабул қилишга йўл қўйилмайди. Масофавий таълим шакли тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Top