Ўзбекистон | 23:08 / 29.06.2023
25816
3 дақиқада ўқилади

Сиртқи таълим масофавий шаклга ўтказилиши мумкин 

Ҳозирча бу масала кўриб чиқилмоқда, қачон ўтказилиши аниқ эмас. 

Фото: DPA

Олий таълим муассасаларидаги сиртқи таълимни масофавий шаклга ўтказиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги департамент бошлиғи Абдували Холиқов маълум қилди. 

Унинг Daryo'га берган интервюсида айтишича, ҳозирда сиртқи таълим шакли ўзини тўлиқ оқламаяпти, тизимда бир қатор камчиликлар мавжуд. 

«Сиртқи таълим қайсидир соҳада меҳнат фаолиятини юритаётган, лекин олий маълумотга эга бўлмаганлар учун бўлиши керак. Бизда эса ҳамма умумий қабул қилинади. Бу йилдан бошлаб, педагогика йўналишидаги сиртқи таълимга ушбу соҳада фаолият олиб бораётганлар киради. У мактабдаги ўқитувчилар сифатини ошириш учун қилинади. Бошқа соҳаларда ҳам бу иш босқичма-босқич амалга оширилади. Яъни сиртқида ўқиш учун қаердадир ишлаётган бўлиши кераклиги талаб этилади», деди у. 

Холиқов сўзларига кўра, сиртқи таълимни масофавий шаклга ўтказиш масаласи кўриб чиқиляпти. 

«2022 йилдан бошлаб масофавий таълим жорий этилди. Икки йиллик таҳлилларга асосланиб, сиртқини масофавий шаклга ўтказиш масаласини кўряпмиз. Яъни масофавий таълимда сиртқига ўхшаб фақат дарсга келганда эмас, талаба платформа орқали доимий онлайн топшириқни олиб туради. Фақат бунга биз техник томондан тайёр бўлишимиз керак. Талаба ҳам. Олий таълимда барча шароитни қилсангиз-у, узоқдаги талабанинг интернети ёки бошқа имкониятлари бўлмаса, бу ҳам жараёнга салбий таъсир кўрсатади. Сиртқи таълимдаги шакллар босқичма-босқич тарзда масофавийга ўтади. Чунки дунёга қарасак, иккаласи бирга турибди. Сиртқи таълимдан воз кечилиши керак. Бугунги кунда у эскирган ҳолатга келиб қолди, ўзини оқламаяпти», деди у. 

Холиқовнинг қўшимча қилишича, сиртқи таълимнинг масофавий шаклга қачон ўтиши аниқ белгиланмаган. 

«Масофавий сиртқига қачон ўтилишини жараён белгилаб беради. Олдиндан бир нима деб бўлмайди. Балки, уч йил ёки беш йил вақт кетар. Платформаларни шакллантириш, интернет тезлиги яхши бўлиши зарур. Яъни имкониятлар ва шароит етарли бўлгач тизим ишлайди. Бу ерда масофавий зўр бўляпти деб, йўналишларни кенгайтириб ташлайверсак фойдаси йўқ. Ишламаса, фақат қоғозда ёки гапда қолиб кетади», деди мутахассис.

Мавзуга оид