13:47 / 18.08.2020
19446

Ҳамкорлар ва миллиардлар – Беларусь ЕИ санкциялари туфайли нималарни йўқотиши мумкин?

Сўнгги кунларда Беларусда содир бўлаётган воқеалар ортидан Европа Итттифоқи расмийлари бу давлатга нисбатан иқтисодий санкциялар жорий қилишни режалаштирмоқда. TUT.BY портали Евроиттифоқ иқтисодий санкциялар жорий қиладиган бўлса, Беларусь нималар йўқотиши мумкинлигини таҳлил қилди.

Европа Иттифоқи расмийлари, ўз аҳолисига тинч намойишлар учун кескин чоралар қўллаётган Беларусга қарши иқтисодий санкциялар қўллашни режалаштиряпти. S&P халқаро рейтинг агентлигининг таъкидлашича, агар Евроиттифоқ томонидан Беларусга қарши иқтисодий санкциялар қўлланса, бу мамлакат иқтисодий ўсиши кескин пасаяди ва сармоядорларнинг ишончи йўқолади. Хўш, Ғарб томонидан санкциялар қўлланса, Беларусь қандай йўқотишларга учрайди?

Кредитлар

Беларусь аввал ҳам бир неча бор Ғарб санкцияларига дуч келган. Бироқ сўнгги йилларда расмий Минск Европа Иттифоқи билан ижобий мулоқот ўрната олди ва иқтисодий тарафдан Ғарб мамлакатларининг қўллаб-қувватлашига эришди. Натижада 2019 йил Беларусь иқтисодиётнинг хусусий секторларидаги лойиҳаларни молиялаштиришга Ғарб банклари кўплаб сармоялар киритди.

2019 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Беларусдаги 24та лойиҳага 390 миллион евродан ортиқ маблағ сарфлади. Таққослаш учун, 2018 йил ушбу банк Беларусга бор йўғи 30 миллион евро ажратганди. Банк томонидан ажратилган маблағнинг энг катта қисми - 126 миллион евро Беларусдаги 12та кўприкни реконструкция қилиш учун ажратилди.

Бундан ташқари, ЕТТБ Беларуснинг турли шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиш учун 42 миллион евродан ошиқроқ маблағ ажратди. Расмийлар яқин келажакда ЕТТБ Беларусь иқтисодиётига ҳар йили 500 миллион еврогача сармоя киритиши мумкинлигига умид қила бошлашганди.

2019 йилда Европа инвестиция банки Беларусдаги инвестиция портфелини 550 миллион еврогача оширди. Таъкидлаш жоизки, Евроиттифоқнинг асосий банки Беларусь билан де-факто фақат 2018 йилдан ҳамкорлик қила бошлади. Ўша йили банк Беларусга 168 миллион евро ажратган эди. Ушбу маблағ М7/Е28 Минск-Ошмян-Каменний Лог (Литва чегараси) автомобиль йўлини реконструкция қилиш, сув таъминоти объектларини модернизация қилиш ва уй-жой коммунал хўжалигидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, кичик ҳамда ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун сарфланди.

Бундан ташқари, ЕИБ Беларусь билан энергиядан барқарор фойдаланишни кенгайтириш лойиҳасини молиялаштириш учун 100 миллион евро миқдорида шартнома имзолади. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун ЕИБдан ташқари, Жаҳон банки (тахминан 100 миллион доллар) ва Глобал экологик жамғармаси (3,65 миллион доллар) ҳам кредитлар ажратди. Лойиҳанинг умумий бюджети 202 миллион доллардан ошади.

2019 йилда Жаҳон банки Беларусга қарийб 300 миллион доллар ажратди. Энергиядан фойдаланиш бўйича юқорида айтиб ўтилган лойиҳадан ташқари, маблағлар таълим ва уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантиришга ҳам йўналтирилди.

2020 йил март ойида Беларусь ҳукумати ва мамлакат Миллий банки коронавирус пандемиясига қарши курашиш учун Халқаро валюта фондига молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Бу зудлик билан молиялаштирилиши лозим бўлган маблағ эди. Беларусь ХВФнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ташкилотдан қарийб бир миллиард доллар миқдоридаги маблағни ёрдам сифатида олиш ҳуқуқига эга эди. Аммо 19 июнь куни Александр Лукашенко Беларусь ХВФнинг кредит бериш учун «карантин чекловлари ва лозим бўлганда комендантлик соатларини жорий қилиш» талабини бажармаслигини маълум қилди. Шундан сўнг, бу масаладаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолди.

Умуман олганда, Евроиттифоқ томонидан жорий қилинадиган иқтисодий санкциялар Беларусга кириб келаётган сармоялар ва турли кредитларнинг йўлини ёпиб қўяди.

Савдо

Беларусь ва Ғарб ўртасидаги иқтисодий алоқалар фақат сармоя киритишдан иборат эмас. Сўнгги йилларда бу давлат Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар билан ўзаро савдо-сотиқни анча кучайтирди. Бугун Европа Иттифоқи Беларуснинг Россиядан кейинги энг йирик савдо ҳамкори ҳисобланади ва мамлакат ташқи савдосининг учдан бир қисми Евроиттифоқ давлатлари ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи бозори Беларусь маҳсулотларининг энг муҳим экспорт йўналиши ҳисобланади.

2008 йилда Беларусь ва Европа Иттифоқи ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 23 миллиард долларни ташкил этганди. Шундан 14,4 миллиард доллар Беларусь экспортига, 8,6 миллиард доллар Беларусь импортига тўғри келган. Бу жуда яхши кўрсаткич. 2009-2010 йилларда глобал иқтисодий инқироз туфайли Беларусь ва Евроиттифоқ ўртасидаги савдо ҳажми 30 фоизга камайиб кетади. 2012 йилга келиб вазият анча барқарорлашди ва Беларуснинг Европа Иттифоқи билан савдо ҳажми 2007 йилдаги энг юқори кўрсаткични такрорлади ҳамда 26,9 миллиард долларга етди. Хусусан, экспорт 17,6 миллиард долларгача ўсди. Аммо кейинчалик яна ўзаро савдо ҳажми пасайиб бориб, 2019 йилда Беларусь ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми 15,5 миллиард долларни ташкил этди. Бунда Беларусь экспорти қарийб 8,4 миллиард долларгача камайди.

Агар Беларусь Ғарбнинг иқтисодий санкцияларига учраса, мамлакатнинг Евроиттифоқ билан ўзаро савдо кўрсаткичлари ҳажми бутунлай пасайиб кетади.

Беларуснинг Европа Иттифоқидаги асосий савдо шериклари

Беларуснинг Евроиттифоқдаги асосий савдо шериклари – Германия, Польша, Литва, Латвия, Нидерландия ва Буюк Британия ҳисобланади.

Беларусь Европа Иттифоқига асосан нефть, ёқилғи, нефть-кимё, металлургия ва ёғочни қайта ишлаш заводларининг маҳсулотлари, озиқ-овқат, автоулов ускуналари ҳамда тўқимачилик маҳсулотларини етказиб беради.

Европа Иттифоқи давлатлари эса Беларусга, биринчи навбатда, машиналар ва технологик ускуналар сотади.

Расмий Минск Беларусь товарларини Европага етказиб беришни кўпайтирмоқчи бўляпти. Бироқ, техник регламентлар ва тариф тўсиқлари бундай имкониятларни кескин чеклайди. Уларни олиб ташлаш учун мамлакат Европа Иттифоқига аъзо бўлиши ёки у билан ассоциация битимини имзолаши керак бўлади. Расмий Минск Европа Иттифоқи билан ундай келишувларни имзоламаган ва ҳозирча бу масала кун тартибида ҳам йўқ. Беларусь фақат Россия бошлиқ Евроосиё иқтисодий иттифоқининг аъзоси ҳисобланади. Бу иттифоқ аъзоларида эса Беларусдан Европа Иттифоқи мамлакатлари  каби маҳсулот сотиб олишмайди.

Европа Иттифоқи Беларусга нисбатан иқтисодий санкциялар жорий қилса, унда Ғарб давлатлари билан ўзаро савдо кўрсаткичлари янада пасайиб кетади. Гап шундаки, Беларусь заводларининг Евроиттифоқдаги рақобатчилари сиёсий вазиятдан фойдаланиб бу мамлакатдан Европа Иттифоқига олиб кирилаётган маҳсулотларга қўшимча бож ёки бошқа чекловлар жорий қилдириши мумкин. Агар бу иш содир бўлса, Беларусдаги кам фойда билан ишлайдиган корхоналар сезиларли йўқотишларга учрайди. Ўз навбатида, санкциялар вақтида бошқа бирор мамлакат бозорда Беларуснинг ўрнини эгалламаслигига ҳам ҳеч ким кафолат бермайди.

Беларуснинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кириш жараёни сўнгги босқичга етиб келган. Бу йўлда АҚШ ва Евроиттифоқ билан бир қатор позицияларни мувофиқлаштириш қолган, холос. Бугун мамлакатда содир бўлаётган сиёсий инқироз музокаралар жараёнининг ижобий якунланишига ҳисса қўшмаслиги аниқ. Шундай экан, агар Евроиттифоқ томонидан иқтисодий санкциялар жорий қилинса, Беларусь ЖСТдан яна номаълум муддатга четда қолишига тўғри келади. Бу эса мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши учун жиддий тўсиқ пайдо қилиши мумкин.

Мавзу
Беларус-2020
2020 йилнинг 9 августида Беларусда президентлик сайловлари ўтказилади. 26 йилдан буён мамлакатни бошқараётган Лукашенко бу сафар ҳам номзодини қўйган.
Барчаси
Top