Жаҳон | 07:51 / 24.04.2024
2659
1 дақиқада ўқилади

АҚШ киберҳужумлар туфайли Эронга қарши санкцияларни кенгайтирди

АҚШ Молия вазирлиги Эрондан тўрт нафар шахс ва икки компанияни Америка компаниялари ва давлат идораларига киберҳужумлар учун санкциялар рўйхатига киритди. АҚШ Адлия вазирлиги ва ФТБ тўрт нафар эронликка қарши айблов эълон қилди.

Теҳрон Фото: REUTERS

АҚШ Эронга қарши санкцияларни кенгайтирди. Вашингтондаги Молия вазирлигининг 23 апрел, сешанба куни тарқатган баёнотига кўра, тўрт нафар жисмоний шахс ва икки компания Эрон ҳарбийлари номидан «зарарли киберфаолият билан шуғуллангани» учун санкциялар рўйхатига киритилди.

Киберҳужумлар Американинг ўндан ортиқ компаниялари ва расмийларига қарши қаратилган бўлиб, Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) киберқўмондонлиги буйруғи билан амалга оширилган, дея таъкидлайди АҚШ Молия вазирлиги.

Тўрт эронликка қарши санкциялардан ташқари, АҚШ Адлия вазирлиги ва Федерал тергов бюроси (ФТБ) уларни Америка ташкилотларига қарши қаратилган зарарли киберфаолиятда расман айблади, дейилади Адлия вазирлиги баёнотида.

Ўтган ҳафта АҚШ ва Британия Исроилга ҳаво ҳужумига жавобан Теҳронга қарши кенг қамровли янги санкциялар киритди. Эроннинг дрон ва ракета ишлаб чиқариш дастури, Теҳрондаги Мудофаа вазирлиги ва ИИМК санкцияга учради.

Мавзуга оид