00:42 / 18.08.2020
32485

Ўзбекистондаги iPhone фойдаланувчилари ёппасига VPN иловаларини ўрнатишмоқда

Шу йилнинг август ойидан бошлаб ўзбекистонлик айрим фойдаланувчилар Instagram ижтимоий тармоғига уланишда муаммолар юзага келаётганини баён эта бошлашган, деб ёзмоқда spot.uz.

Ўзбекитстонлик iOS фойдаланувчилари ёппасига VPN ўрнатаётганини App Annie мобил таҳлил сервисининг маълумотлари ҳам кўрсатиб турибди. 17 август ҳолатига келиб, бешта энг кўп юклаб олинган иловалардан нақ тўрттаси — VPN. Бундай ҳолат сўнгги уч йилда илк бора кузатилмоқда.

Android фойдаланувчилари томонидан VPN’ни юклаб олиш даражаси бу қадар юқори эмас.

Июль ойининг бошларида мобил VPN яна фойдаланувчилар ўртасида машҳурлаша бошлади. Бу ҳодиса Facebook ижтимоий тармоғига уланишда муаммолар юзага келиши билан бир вақтда содир бўлди.

Август ойидан бошлаб эса айрим фойдаланувчилар Instagram’га уланишда ҳам муаммолар юзага келаётганини хабар бера бошлашди. Буни Downdetector сервиси маълумотлари ҳам тасдиқламоқда.

Бу – Ўзбекистонда сайтларга уланиш мураккаблашиши фонида VPN'нинг оммалашувига доир биринчи ҳолат эмас. 2018 йил августида ҳам худди шундай вазият юзага келиб, муаммо 2019 йилнинг январида барҳам топганди.

Ўтган йилнинг авгусида ўша пайтда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасида ишлаб турган Комил Алламжонов «Alter Ego» дастури доирасида блогер Кирилл Альтманга берган интервьюсида агентлик бунинг учун ўз ҳиссасини қўшганини айтган эди. Facebook ва YouTube’ни блоклаганлар кимлар, дея берилган саволга Алламжонов «улар аллақачон қамоқхонада ўтиргани»ни айтиб жавоб берган эди.

Алламжонов шунингдек VPN барча хавфсизлик тизимларини бузиб юборишига диққат қаратган эди. Агар барча ёппасига VPN ишлата бошласа, давлатда масалан, наркотик савдоси билан шуғулланишни тарғиб қилувчи ёки турли аксилконституцион ҳаракатларга чорловчи террористик сайтларга киришни назорат қилиш воситаси қолмайди, деган эди айни пайтда Миллий масс-медиа фондига раҳбарлик қилаётган Комил Алламжонов.

Top