Жаҳон | 22:48 / 18.08.2020
7859
2 дақиқада ўқилади

Хитойнинг коронавирусга қарши вакцинаси декабрдан сотувга чиқиши маълум қилинди 

Фото: Getty Images

Хитойнинг Sinopharm фармацевтика корпорацияси коронавирусга қарши инактивация қилинган вакцинасини 2020 йил декабридан сотувга чиқаради. Вакцина нархи 150 доллар атрофида бўлади. Бу ҳақда корпорация бошқаруви раиси Лю Цзинчжэнь маълум қилди. 

“Вакцинанинг учинчи халқаро клиник синовлари якунлангандан кейин уни рўйхатдан ўтказишга ўтиш мумкин бўлади. Ҳисоб-китобларимизга кўра, вакцина жорий йил декабри охирида бозорда пайдо бўлиши мумкин”, деб маълум қилган Цзинчжэнь.

Компания раҳбарининг таъкидлашича, Пекиндаги биопрепаратлар тадқиқот институти вакцинадан йилига 120 млн дона, Уҳандаги биопрепаратлар институти 100 млн доза ишлаб чиқариши мумкин.

Цзинчжэнь унга вакцинадан иккита инъекция қилингани ва унда ҳеч қандай иккиламчи таъсирлар кузатилмаганини қўшимча қилган. 

“Вакцина бозорга чиққач, нархи юқори бўлмайди, у бир неча юз юан атрофида бўлади. Вакцинанинг иккита инъекцияси нархи эса 1000 юан (144 доллар) атрофида бўлади”, деб таъкидлаб ўтган компания раҳбари. 

Цзинчжэннинг маълум қилишича, агар вакцинадан битта инъекция қилинса, унда ҳимоя даражаси 97 фоиз атрофда бўлади, антитаналар аста-секин ҳосил бўлади. Организмда антитаналар коронавирусга қарши кураша оладиган миқдорга етиши учун эмлашдан кейин одатда ярим ой вақт талаб этилади. Агар иккита инъекция қилинса, ҳимоя даражаси 100 фоизга етиши мумкин.

“Биринчи ва иккинчи эмлаш орасидаги оралиқ 28 кунни ташкил қилади. Баъзи истисноли ҳолларда иккита инъекцияни бир вақтда – чап ва ўнг курак остига киритиш мумкин. Ҳар бир эмлашда вакцинадан 4 микрограмм киритилади”, деб таъкидлаб ўтган Цзинчжэн.

Унинг айтишича, Хитойнинг бутун 1,4 млрд аҳолисини эмлаш шарт эмас: эмлашни мамлакатнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларида меҳнат билан банд бўлган одамларда ўтказиш зарур.   

Мавзуга оид