Спорт | 17:03 / 19.08.2020
20765
2 дақиқада ўқилади

#FootWeek: «Истиқлол»дан ҳар ўйин учун 25 миллион сўрашмоқда

Бобур Акмалов муаллифлигидаги #FootWeek кўрсатувининг навбатдаги сонини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Бу гал асосий мавзу сифатида Фарғонанинг «Истиқлол» клуби билан боғлиқ муаммони танладик. Про-лига жамоаси ўз номи билан аталадиган «Истиқлол» стадионида ўйнаш ҳуқуқидан маҳрум бўлган. Бу борада тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун «Истиқлол» клуби техник директори Руслан Худойтотов билан суҳбат уюштирдик.

Бизга мурожаат қилган «Истиқлол» техник директорининг айтишича, клуб ўз вақтида стадион учун 78 минг доллар харажат қилган. Бироқ ҳозир стадион раҳбарияти «Истиқлол»дан ҳар бир ўйинни ўтказиш учун 25 миллион сўм сўрамоқда. Айнан шу сабаб «Нефтчи» ҳам «Истиқлол» стадионидан кетиб қолган. Клуб Фарғона ҳокимлигидан бу борада ёрдам кутмоқда. Кўрсатув давомида бу борада тўлиқ билиб олишингиз мумкин.

«Истиқлол» клуби техник директори Руслан Худойтотов

Кўрсатувнинг бу сонида яна кўплаб мавзулардаги мулоҳазалар билан ўртоқлашганмиз. Масалан, жонли эфирда ВАРдаги ҳакамлар ва бош ҳакам ўртасидаги суҳбатларни олиб бериш масаласи. Австралияда бундай ишни бошлаб юборишди ва мухлислар уни қўллаб-қувватлашди. Ҳозирда жонли эфир давомида ҳакамларнинг суҳбатларини узатиб бориш муҳокама қилинмоқда.

#FootWeek'нинг янги сонида Россиядаги ҳакамлик можароси, Бергамо қаҳрамонига айланган «Аталанта» ва футболчиларнинг машғулотлардаги ажойиб голлари борасида сўз боради. Дарвоқе, бонусига ўз вақтида «Реал» дарвозабони бўлган Хулио Иглесиас ҳақида ҳам кичик ҳикоямиз бор. #FootWeek'нинг янги сонини Kun.uz'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид