17:31 / 20.08.2020
9555

«Оиласини боқиш учун хорижда ишлаётган мигрантларга раҳмат деймиз» – вазир ўринбосари

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида меҳнат муҳожирларини ижтимоий ҳимоялаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди.

Эркин Муҳиддинов

«Охирги уч йилда мигрантларга нисбатан муносабат тубдан ўзгарди. Халқимизда азалдан мусофирчиликнинг нонини еган, қийинчилигини кўрган одамга ҳурмат билан қаралган. Сўнгги йилларда ана шу қадриятларимизни тиклаяпмиз. Яъни биз оиласини боқиш учун хорижга кетиб ишлаётган мигрантларга раҳмат деймиз, уларни ҳурмат қиламиз. Шу билан бирга, меҳнат мигрантларини қийнаётган муаммоларни ечишга киришишимиз керак.

Кейинги йилларда Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерацияси, БАА, Япония, Қозоғистон, Туркия ва бошқа давлатларга тизимли, яъни ваколатли органлар томонидан томонидан ташкиллаштирилган равишда ишга юбориш бўйича икки давлат ўртасида келишувга эришилди. Бундан ташқари, миграция соҳасидаги кўп муаммолар ечимини топди. Жумладан, меҳнат мигрантларига ёрдам бериш учун алоҳида жамғарма тузилди. Шу жамғарма ҳисобидан хорижда қийин аҳволга тушиб қолган, ёрдамга муҳтож ватандошларга ёрдам беряпмиз.

Биргина Россия Федерацияси мисолида гапирадиган бўлсак, жиноят қилмаган, лекин миграция тартиб-қоидаларини бузгани учун маъмурий жавобгарликка дуч келган фуқаролар алоҳида марказга тушиб қолар, ватанга қайтишлари учун пул топилмагани сабабли улар ушбу муассасаларда ойлаб, ҳаттоки йиллаб қолиб кетишарди. Мана шу фуқаролар ҳозир махсус жамғарма ҳисобидан ватанга олиб келиняпти. Афсуски, хорижда ишлаётган фуқароларнинг иш жараёнида содир бўлган бахтсиз ҳодиса туфайли майиб бўлиб қолиши ёки вафот этиши ҳам учраб туради, бундай пайтда беморларни ёки фуқаронинг жасадини Ўзбекистонга олиб келиш осон кечмайди. Илгарилари бунинг учун бемор ёки марҳумнинг оиласи, яқинлари елиб-югурган, катта харажатлар қилишган бўлса, бугунги кунда бу ишлар давлат ҳисобидан амалга оширилмоқда», дея Эркин Муҳиддиновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир ўринбосарининг қўшимча қилишича, бугунги кунда ишлаш учун хорижга кетиш ниятида бўлган, бироқ авиачиптага пул тополмаётган фуқароларга берилаётган кўмак ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

«Кўплаб меҳнат муҳожирларимиз айниқса Россия ва Қозоғистонга ишлашга кетаётган ҳамюртларимиз хавфли йўллардан кетишар ва бунинг оқибатида Қозоғистон ҳудудида аянчли фожиалар ҳам рўй берганди. Бунинг олдини олиш учун президент қарорига асосан республиканинг ҳар бир ҳудудида меҳнат муҳожирларига чипта сотиш учун алоҳида кассалар очилган. Ушбу кассаларда хорижга ишлашга кетаётган ўзбекистонликларга авиа ва темир йўл чипталари имтиёзли равишда сотилмоқда, яқинда автобус қатнови ҳам йўлга қўйилди. Ҳозиргача икки юз минг нафар фуқарога ана шундай ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, хорижга бориб ишлаш учун йўлкира тополмаётган фуқароларга сафар харажатларини қоплаш учун имтиёзли кредитлар бериш ҳам йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, меҳнат муҳожирларининг соғлиғи ва ҳаётини турли хатарлардан муҳофазалаш мақсадида 70 мингта суғурта полислари ҳам тақдим этилди. Ўтган йилдан бошлаб ушбу полислар мигрантларга бепул берилмоқда, яъни суғурта полисларининг пули жамғарма томонидан қоплаб берилмоқда», дейди Эркин Муҳиддинов.

Top