13:31 / 22.08.2020
15958

Штаб аъзоси вафот этган фуқаролар тўғрисидаги рўйхатлар нима учун электрон тизимга қўйилмаслигига изоҳ берди

АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова коронавирус инфекцияси борасида аҳоли мурожаати ва саволлари юзасидан жавоб қайтарди.

Мурожаатлардан бирида фуқаро коронавирус инфекцияси билан касалланганда доим ўпка шикастланадими, дея сўраган.

«Коронавирус инфекцияси турли шаклларда кечади ва доим ҳам ўпкани шикастламайди. Касаллик кўп ҳолларда умуман симптомларсиз кечади, яъни тест натижаси мусбат бўлса-да, киши ҳеч қандай симптомларни сезмайди ва бундай вирус ташувчиси текширилганда организмда ҳеч қандай ўзгариш аниқланмайди.

Симптомлар мавжудлигида касалликнинг қуйидаги шакллари ажратиб кўрсатилади:

  •  юқори нафас йўллари шикастланиши билан (ринит, фарингит);
  •  қуйи нафас йўллари шикастланиши билан (пневмония)», деди Барно Абдусаматова саволга жавобан.

Бундан ташқари, коронавирус билан хасталанган ҳомиладор аёлларни касалхонадан чиқаришда қандай кўрсаткичларга асосланилиши ҳақида ҳам маълумот берилди.

«Клиник белгиларнинг турғун яхшиланиши, уч кун давомида тана ҳарорати нормада бўлганда, лаборатор кўрсаткичлари нормаллашганда, нафас етишмовчилиги белгилари йўқлиги, камида 24 соат оралиқ билан кетма-кет икки марта ПЗР усулида COVID-19 тест натижалари манфий бўлганда.

Шифокор кўрсатмасига кўра рентгенография ёки КТ текшируви, тавсия этилмаса тушишга ҳожат йўқ», - деди штаб аъзоси.

Саволларнинг бирида фуқаро нима учун вафот этган фуқаролар тўғрисидаги рўйхатлар электрон тизимга қўйилмаслиги, ОАВда вафот этган фуқаронинг фақат бош ҳарфи ва ёши ёзилишини айтиб, бу ҳақидаги маълумотни қаердан олиш ҳақида сўраган.

«Маълумотларни коронавирус касаллигига чалинган беморларни даволаш билан шуғулланадиган муассасаларга мурожаат қилиб, ушбу маълумотнинг нима мақсадда сўралаётганлигини асослаб берсангиз шунга қараб муносабат билдирилади.

Аслида касалликка чалинганларнинг шахси билан боғлиқ маълумотларнинг барчаси тиббиёт сири ҳисобланиб, ушбу маълумотларни олиш ваколатига эга бўлган ташкилот вакили бўлсангиз, у ҳолда бу каби муассасаларга ёки Соғлиқни сақлаш вазирлигига расман мурожаат қилишингиз мумкин», - деди Барно Абдусаматова.

Маълум қилинишича, уй шароитида COVID-19 инфекциясини даволашнинг самарасиз эканлиги аниқланганда, даволовчи шифокор уни кўриб, касаллик кечиши ҳолатига қараб, саралаш ва ташхислаш марказларидан бирига ёки ихтисослаштирилган стационарларга йўналтиради.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top