11:55 / 22.08.2020
12049

Тошкентда фуқаро маст ҳолда автомобиль бошқариб ЙТҲ содир этди, бир киши вафот этди

ЙТҲ юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати

Жорий йилнинг 20 август куни соат 23:00ларда, Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Ш.Руставели кўчасида ҳайдовчи, 2002 йилда туғилган Ш.А. “Ласетти” русумли транспорт воситасида маст ҳолда ҳаракатланаётиб, рул бошқарувини йўқотган ва йўлни ажратувчи бўлагида ёритиш чироқлари ўрнатилган темир симёғочга урилган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, натижада ушбу автомобиль йўловчиси, 19 ёшли И.Ш. оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этган. Автомобиль ҳайдовчиси, 18 ёшли Ш.А. ва йўловчиси, 19 ёшли Қ.К. тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Барча ҳайдовчилардан мастлик ҳолатида транспорт воситасини бошқармасликларини, ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз”, - дейилади маълумотда.

Top