Жаҳон | 19:55 / 24.08.2020
26071
3 дақиқада ўқилади

Немис шифокорлари Навальний заҳарланганини тасдиқлашди

Россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальний ётқизилган Берлиндаги «Шарите» шифохонаси клиник тадқиқотлар натижалари у заҳарланганини кўрсатгани ҳақида маълум қилди.

Фото: EPA

Немис шифокорларининг расмий баёнотида «клиник текширувлар натижалари «холинэстераза инкубаторлари» гуруҳига мансуб бўлган моддадан заҳарланиш ҳолати» ҳақида айтилган.

«Модданинг аниқ таркиби ҳозирча маълум эмас, кенг таҳлиллар бошланган. Беморнинг танасидаги заҳарли модда бир нечта мустақил лабораторияларда текширилган», дейилади хабарда.

«Шарите»дагилар «бемор ҳамон сунъий кома ҳолатида қолаётгани»ни қайд этишган. «Унинг ҳолати жиддийлигича қолмоқда, аммо айни вақтда унинг ҳаётига хавф йўқ», дейилган шифохона баёнотида.

Навальнийни атропин препарати билан даволашмоқда. Шифокорлар Навальнийнинг касаллиги қандай асоратларга олиб келиши мавҳумлиги, бироқ узоқ давом этиш хавфи мавжудлиги, бу айниқса, асаб тизимига салбий таъсир кўрсатишини билдиришган.

Немис шифокорлари сиёсатчининг рафиқаси Юлия Навальная билан алоқада бўлиб туришибди.

Навальнийга нима бўлганди?
Россиялик мухолиф сиёсатчи ўтган ҳафтанинг пайшанба куни Томскдан Москвага қайтаётган самолёт бортида ўзини ёмон ҳис қила бошлади.

Сиёсатчининг матбуот котиби Ярмишнинг ёзишича, Томскдаги аэропортда Навальний фақат чой ичган, 20 август куни тонгида у бошқа ҳеч нарса истеъмол қилмаган. Самолётда унинг ҳарорати кўтарилиб, бадани терлай бошлаган. Ҳожатхонага йўл олгач Навальний ҳушини йўқотган. Рейс йўловчилари у қандай бақираётгани акс этган видеоларни интернетга жойлашган.

Шундан сўнг самолёт Омскка фавқулодда қўнишни амалга оширган ва сиёсатчи шаҳардаги тез тиббий ёрдам шифохонасига жойлаштирилган. Бу ерда у сунъий нафас олдириш аппаратига уланган.

Навальний қарийб икки кун давомида Омксдаги клиникада ётди, шундан сўнг у Берлинга олиб кетилди. Омскдаги клиника шифокорлари икки сутка давомида уни олиб кетишга рухсат беришдан бош тортди ва буни беморнинг аҳволи барқарор эмаслиги билан тушунтирди. Навальнийнинг яқинлари фикрича, бу иш атайлаб, унинг организмидаги заҳарли модда изларини йўқотиш учун қилинган.

Омскдаги клиника шифокорлари ташхис ҳақида беморнинг қариндошларига айтилгани, унинг таҳлил натижаларида заҳарли моддалар аниқланмаганини айтишганди. Шу туфайли ушбу ҳолат бўйича жиноий иш очилмагна.

Мавзуга оид