14:38 / 26.08.2020
5147

Организмдаги ўлик вируслар ҳам тестда мусбат натижани кўрсатиши мумкин – штаб аъзоси

АОКАда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова иштирокида бўлиб ўтган брифингда муҳим саволларга жавоб қайтарилди.

Фото: kubannews

Хусусан, мурожаатлардан бирида фуқаро икки ой аввал коронавирусни бошдан кечиргани, уйда даволангани, ҳозир ўзини яхши ҳис қилаётгани, лекин ПЗР тест натижаси ҳар гал мусбат чиқаётганини айтиб, менда вирус яна қайталандими ёки тузалмадимми, дея сўраган.

«Агар шифокорингиз сизни тиббий кўрикдан ўтказиб, тузалганингизни айтган бўлса, демак одамлар учун безарарсиз ва қайта касалланмагансиз. Одатда ПЗР таҳлил мусбат чиқадиган бўлса, бу бемор вирусларни ташқарига чиқариши билан атрофдагиларга хавфли ҳисобланади.

Лекин сизда касаллик 2 ой олдин бошланган ва сўзингизга кўра, уйда шифокор назоратида даволангансиз, демак сизда касалликни оғир тури бўлмаган. Зарарланган тўқималардан нафақат тирик ва фаол вируслар, балки ўлган ҳужайралардан ўлик вируслар ҳам ташқарига чиқиши кузатилади.

ПЗР тести эса — вирусларнинг чиқишини кўрсатгани сабабли ўлик вируслар ҳам бу даврда тест натижаларини мусбат кўрсатиши мумкин. Лекин ушбу даврда бемор атрофдагиларга безарар бўлади», - деди Барно Абдусаматова.

У тирик ёки ўлик вируслар чиққанини қандай аниқлаш ҳақида ҳам маълумот берди.

«Буни касаллик муддатига кўра аниқлаймиз. Яъни, касалликнинг енгил ва ўрта кечишида касаллик бошланганидан 10 кундан кейин, оғир турида эса 20 кундан кейин у атрофдагилар учун безарардир.

Шунинг учун тавсия асосида даволаниб, ўзини енгил ҳис қила бошласа, такрор ва такрор тестдан ўтиш шарт эмас», - деди штаб аъзоси.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top