Ўзбекистон | 14:19 / 26.08.2020
37584
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда куз фаслида коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини кутиляптими? – мутахассис изоҳи

Касалликнинг иккинчи тўлқини келиши учун унинг биринчи тўлқинидаги касаллар ва кунда аниқланаётганлар беморлар сони минимал даражага пастга тушиши керак ёки барча беморлар тузалиб, кунлик аниқланаётган касаллар сони умуман бўлмаслиги керак. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова шу ҳақдаги саволга жавоб берди.

Барно Абдусаматова

«Биз бу даражага ҳали эришганимиз йўқ. Тўғри, куз келиши билан ёғингарчилик натижасида намлик бошланади. Коронавирус совуқ ва намгарчиликни яхши кўради.

Шу билан бирга бу фаслда яна кўпгина сурункали касалликлар қўзғалиши натижасида беморларда иммунитет пасайиб, касаллик юқтиришга мойиллиги ошади. Бу эса касаллар сони ортиши хамда уларнинг оғир формаси кўпроқ кузатилишига сабаб бўлади», - деди у.

Шунингдек, фуқаронинг ҳозирда кўп давлатларда жамоавий иммунитет ҳосил қилиш йўли билан коронавирусга қарши кураш йўли танлаганини айтиб, бизда ҳам бу режалаштириляптими, дея йўллаган саволига ҳам жавоб берилди.

«Албатта, бу ҳам коронавирусга қарши бир усул. Лекин бу жуда хавфли. Коронавирусга нисбатан оммавий иммунитет шаклланиши учун аҳолининг 60 фоиздан 80 фоизгача қисми касалланиб, соғайиши керак.

Кўплаб одамларнинг ҳаётини, айниқса хавф гуруҳига кирувчи: сурункали касалликлари бор, ёши катталар, ҳомиладорлар ва болаларни хавф остига қўйишимиз мумкин. Кўп одамларнинг касалланиши, даволаниши ва иммунитет ҳосил қилиши учун бир неча йиллар керак бўлади. Шунингдек эпидемияни олдини олмасак, инфекция тарқалиши ривожланиб кетади. Оқибатда касалланиш ҳолатлари ортиб кетади, бунинг натижасида клиникаларда бемор кўпайиб, соҳага босим ортади, ўлим сони ортади.

Шунинг учун ушбу йўлни Ўзбекистон ҳеч қачон танламайди. Аксинча пандемияни назоратда ушлаб туриб кўп вақт давомида камроқ одамлар касал бўлишига эришишимиз мумкин. Шу давр ичида эса вакцина масаласи ҳам ҳал бўлиши мумкин», - деди саволга жавобан Барно Абдусаматова.

Мавзуга оид