Жаҳон | 00:30 / 27.08.2020
29244
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг кучли бомбанинг синовлари видеоси эълон қилинди

Фото: Росатом

Россиянинг “Росатом” корпорациясининг YouTube’даги каналида дунёдаги энг кучли бомба - РДС-220 ядро бомбасининг (Шоҳ-бомба) портлаши видеоси эълон қилинди. Кучи тротил эквивалентида 50 млн тоннани ташкил қилган бомба 1961 йилда собиқ иттифоқ томонидан синалган. 

“Шоҳ-бомба” синовлари ҳақидаги ҳужжатли фильм Россия ядро саноатининг 75 йиллиги муносабати билан эълон қилинди. Видеонинг илк 30 дақиқасида бомбанинг яратилиши ва унинг синовга тайёрланиши тарихи ҳақида сўзланади.

Бомбанинг узунлиги деярли 8 метрни, диаметри эса 2 метрдан кўпроқни ташкил қилган. Уни белгиланган манзилга олиб бориш учун Ту-95В бомбардимончи самолётидан бир нечта ёнилғи бакларини ҳамда бомба бўлмалари люкларини олиб ташлашга тўғри келган.

Бомба синовлари учун жой сифатида Шимолий муз океанида жойлашган Шимолий (Северный) ороли танланган. Бомбанинг ўзи эса денгиз сатҳидан 4 км баландликда портлатилган. 

Портлаш вақтида бомбардимончи самолёт портлаш марказидан 120 км узоқликда бўлган бўлса-да, портлаш тўлқини унга “етиб олган”. Бунинг натижасида самолёт ҳавода айланиб кетган, бироқ учувчи уни ўнглаб, қўндиришга муваффақ бўлган. 

Портлаш шунчалик кучли бўлганки, унинг натижасида 8 км диаметрга эга олов шар ҳосил бўлган. У минг километр узоқликдан кўринган. Портлашдан ҳосил бўлган қўзиқоринсимон булут эса 8 та Эверест тоғи баландлигига – деярли 68 кмга кўтарилган, Норвегия ва Финляндиядаги уйларнинг ойналари чил-чил бўлган.

Охир-оқибат “Шоҳ-бомба” нобоп қуролга чиқарилган, чунки уни қўллаш натижасида фақатгина ҳеч кимга керакмас чўл-биёбон қолган бўларди.

Мавзуга оид