Ўзбекистон | 15:03 / 06.09.2020
27583
3 дақиқада ўқилади

ССВ: Дезинфекция туннеллари – коронавирусга қарши энг фойдасиз чора

Профессор Илмира Розиқова дезинфекция туннелларининг инсон организмига зарарли томонлари ҳақида гапириб, давомий ишлатилган ҳар бир кимёвий модда инсон организмида аллергик ҳолатларни келтириб чиқаришини қайд этди.

«Коронавирусга қарши курашилаётган бир пайтда, кўрилаётган ҳар бир чора-тадбирнинг фойдалилиги, самарадорлигини ўрганиш, айниқса, аҳамиятлидир.

Лекин профилактика мақсадида қўлланадиган айрим чоралар самарасиз эканини, қайтага салбий оқибатлари кўпроқлигини вақт кўрсатиб қўймоқда.

Шундай чоралардан бири дезинфекция туннелларидир. Ҳозирда бундай туннеллар деярли ҳар бир ташкилот, хусусан, умумий овқатланиш объектлари, аэропорт, темир йўл вокзаллари, бозорлар, супермаркет каби қатор муассаса бинолари олдида ўрнатилган. Ҳатто кириш йўлакларининг бошқа қисмлари қизил ленталар билан ўралиб, одамларга шу туннел орқали ўтишдан бошқа йўл қолдирилмаган», дея қайд этилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Розиқова бундай туннелларнинг инсон организмига зарарли томонлари ҳақида гапирган.

«Дезинфекция чораси сифатида хлорли эритмалардан фойдаланишни дунё давлатлари тажрибадан ўтказишди. Америкалик экспертларнинг таъкидлашича, кўчаларни дезинфекция қилиш ва дезинфекция туннелларидан кенг фойдаланиш кўпроқ инсонларни ваҳимага тушмаслиги ёки уларни тинчлантириш мақсадида амалга оширилган. Шуни айтиш лозимки, ҳануз бунинг самараси исботланмаган», — дейди мутахассис. 

Дезинфекция туннелларида фойдаланиладиган хлорли эритмалар тиббиётда жуда кўп йиллардан бери ишлатилади ва унинг инсон организмига хатарли таъсири жуда кучли экани таъкидланган. 

Кун давомида ишлаб турган туннелдан бир киши қайта-қайта ўтишига тўғри келиши мумкинлиги, давомий ишлатилган ҳар бир кимёвий модда инсон организмида аллергик ҳолатларни келтириб чиқариши қайд этилган.

Аллерголок Илмира Розиқова бунинг асоратлари ўта хавфли тус олиб кетишидан огоҳлантиради. 

Мутахассиснинг айтишича, бу юқори нафас йўлларининг енгил қизаришидан то енгил куйишгача бўлган ҳолатларни чақиради. Бунинг натижасида инсонда аллергик ринит, коньюктивит, бронхит ва ҳатто оғир касаллик ҳисобланувчи – бронхиал астмага олиб келиши мумкин.

«Мактаблар фаолиятини қайта тиклаш масаласи ўртага чиққанда, болаларнинг соғлигига салбий таъсирлари инобатга олиниб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги таълим муассасалари олдида дезинфекция туннелларини ўрнатиш қатъиян ман этилишини таъкидлаган эди», дейилади вазирлик хабарида. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам бундай туннелларнинг самарадорлиги исботланмаганлигини билдирди.

«Дезинфекция туннелларини метро ёки бошқа муассаса бинолари олдида ўрнатилиши шарт эмас деб ҳисоблаймиз. Ҳозирда бундай нотўғри профилактика кўз коньюктиваси ва юқори нафас аъзоларининг аллергик шикастланишига сабаб бўлмоқда. Туннеллар ўрнига кириш жойларида ўзаро масофани сақлаш, иситмани ўлчаш ва қўлларга антисептик билан ишлов бериш йўлга қўйилгани мақсадга мувофиқ», дейди аллерголог Илмира Розиқова.